Атоқли адиб Чингиз Айтматов асарлари жаҳонда энг кўп ўқиладиган ёзувчилар сирасига киради. Унинг асарлари одамларни глобал муаммолардан огоҳ этиш, эзгуликка, виждон уйғоқлигига чорлаши билан диққатга сазовор. Шу сабабли устоз адибнинг асарлари Ўзбекистонда энг кўп нашр этилади ва мутолаа қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил январда Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни бажариш бўйича “Йўл харитаси” бандларида икки томонлама адабий-маданий алоқаларни янада кенгайтиришга оид бир қатор тадбирлар кўзда тутилган. Икки мамлакат ўртасидаги адабий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг нуфузли вакилларидан иборат ижодкорлар делегацияси ташриф буюрди.
Мамлакатимизда миллий адабиёт ривожига қаратилаётган эътибор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг турли хорижий мамлакатлар, қардош элларнинг шу каби ижодий ташкилотлари билан ҳамкорлиги тобора кенгайишида муҳим асос бўлмоқда.
Қардош юрт зиёлиларининг мамлакатимизга ташрифи ҳам икки давлат ўртасидаги мустаҳкам адабий алоқаларнинг самарасидир.
Ташриф дастурида қатор адабий-маърифий тадбирлар, жумладан, Чингиз Айтматов ижоди ва фаолиятига бағишланган анжуман, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи қирғиз тилидаги нашри, ўзбек таржимонлари томонидан она тилимизга ўгирилган қирғиз адабиёти намуналари тақдимоти кўзда тутилган.
Дастлаб делегация аъзолари Абдулла Қодирий уй-музейида бўлишди. Мамлакатимиз фаол ижодкорлари билан биргаликда пойтахтимиздаги Чингиз Айтматов ҳайкали пойига гул қўйишди.
Ташриф доирасидаги дастлабки тадбир – «Чингиз Айтматов – туркий оламнинг умумий ифтихори» халқаро анжумани Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бўлиб ўтди. Меҳмонлар аввало университетда ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси билан танишди.
Анжуманда икки халқ ўртасидаги адабий алоқаларнинг тобора кенгроқ тус олаётгани, Чингиз Айтматов ижоди халқларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли экани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, Чингиз Айтматов асарларида тараннум этилган эзгулик ғоялари умрбоқий экани, адиб яратган халқчил адабий қаҳрамонлар образлари бутун туркий халқлар дунёқараши ва характери учун хос экани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистонда таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг бадиий мероси юқори баҳоланади. Унинг асарлари мамлакатимизда миллионлаб нусхаларда нашр этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори билан адиб юбилейи кенг нишонланди. Пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига унинг номи берилди ва ҳайкали ўрнатилди. Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабга адиб бюсти ўрнатилди. 2024 йилда Чингиз Айтматовнинг 10 жилдлик асарлар мажмуаси нашр этилди. “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик асарлар мажмуасида ёзувчи ижодига алоҳида жилд ажратилган.
Анжуманда иштирокчилар Чингиз Айтматов ижодининг оламшумул аҳамияти, адиб асарларининг халқчиллиги ҳақида батафсил сўзладилар. Анжуманда Чингиз Айтматов таваллудининг 100 йиллигини жаҳон миқёсида нишонлаш ва 2028 йилни “Чингиз Айтматов йили” деб аташ тўғрисида БМТга таклиф жўнатиш тўғрисида резолюция қабул қилинди.
Мазкур нуфузли анжуман доирасида Роза Айтматованинг “Хат келди”, Қанибек Имоналиевнинг “Қирғизнома” китоблари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Роза Айтматова – Чингиз Айтматовнинг синглиси бўлиб, у ўзининг “Хат келди” китобида Айтматовлар оиласининг яна бир вакили – атоқли адибнинг укаси Илгиз Айтматовнинг ўсмирлик йилларига бағишлаган. Бу китоб атоқли ёзувчининг ўсмирлик йиллари ҳақида маълумот берувчи қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
[gallery-22990]
Қанибек Имоналиевнинг китоби қирғиз халқи менталитетини, характерини очиб берувчи қисқа ҳаётий ҳикоялардан иборат. Адиб бу асар орқали қирғиз халқи бошидан кечирган тарихий жараёнларни ҳаққоний тасвирлаб, уларга инсоний, руҳий ва фалсафий нуқтаи назардан ёндашган. Муаллиф ўз китобида тарихий воқеаларни ижодий қайта ишлаб, уларни замонавий ўқувчи дунёсига яқинлаштирган.
Тадбирда сўзга чиққанлар таниқли ёзувчи Нурали Қобул томонидан она тилимизга ўгирилиб, Тошкентда чоп этилган ушбу икки китоб ўзбек адабиётидаги таржима асарлар хазинасини янада бойитишига ишонч билдиришди.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА