
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида жорий йил ҳосили учун 8 минг 800 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли бажарилаётгани ҳосилдорликни оширишга замин яратмоқда.
– Туманимиздаги фермер хўжаликлари ғаллачиликда катта тажрибага эга, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Арнасой туман бўлими бош мутахассиси Равшан Холиқов. – Баравж ўсаётган майсалардан ҳам уларнинг омилкорлигини билса бўлади. Айни пайтда экинларни минерал ўғитлар билан озиқлантириш, бегона ўтлар ва занг касаллигига қарши дорилаш ишлари изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Эътиборли жиҳати, ҳар бир фермер ҳосилдорликни камида 70 центнердан оширишни ният қилган. Ҳозирги кунда 7 та фермер хўжалигининг 166 гектар, 356 та фермер хўжалигида 8634 гектар ер майдонларига маҳаллий нав авлодига тегишли дон уруғлари экилиб, ғалла парваришлаш қизғин давом этмоқда.
Шу кунларда ғаллани баҳорги иккинчи озиқлантириш ишлари олиб борилиб, ушбу жараён давомида 154 та фермер хўжалигидаги 3494 гектар майдон азотли минерал ўғитлар билан, 4478 гектар майдонда баргдан озиқлантириш (суспензия) ишлари олиб борилмоқда.

Ғалла парваришида минерал ўғитларнинг аҳамияти бениҳоя катта бўлиб, экинларни озиқлантиришда маҳаллий ўғитдан ҳам фойдаланилса, ниҳоллар баравж ривожланади, сувга бўлган талаби камаяди. Белгиланган чора-тадбирлар асосида далаларга маҳаллий ўғит чиқариш, экинларни “шарбат” усулида суғориш ва азотли ўғитлар билан озиқлантириш ишлари ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.
“Ўзагроинспексия”нинг Арнасой туман бўлими томонидан фермер хўжаликларида ғалла парвариши бўйича олиб борилаётган ишлар назоратга олиниб, тегишли кўрсатмалар бериб борилмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари