АҚШ Венесуэладаги зилзила оқибатини бартараф этиш учун 150 миллион доллар ажратди
Венесуэлада 24 июнь куни юз берган вайронкор зилзила оқибатини бартараф этиш ва жабрланганларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида АҚШ Президенти Дональд Трамп фавқулодда ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берди. Шундан сўнг кенг кўламли, мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракат бошланди.
Давлат департаменти маълум қилишича, Вашингтон айни мақсад учун 150 миллион доллар сафарбар этади. Ушбу маблағнинг 50 миллион доллари “World Vision”, Халқаро миграция ташкилоти ва Жаҳон озиқ-овқат дастури каби ҳамкор ташкилотларга, қолган 100 миллион доллари эса БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) жамғармасига йўналтирилади.
Ҳозир асосий эътибор вайрона остидан одамларни қутқаришга қаратилган. Ҳудудга шифокор, муҳандис ва махсус ўргатилган итлардан иборат Офатга жавоб бериш гуруҳи (DART) етиб келган. Вашингтонда эса инқирозни мувофиқлаштирувчи махсус ишчи гуруҳ тузилиб, жабрланган Америка фуқароларига ҳам консуллик кўмаги таъминланади. Инсонпарварлик ёрдами ва шахсий таркибни тезкор етказиш учун АҚШ Ҳарбий вазирлиги ҳамда Жанубий қўмондонлиги (SOUTHCOM) авиация гуруҳини ишга солди. Кўмакчилар маҳаллий муваққат ҳукумат ва қутқарувчилар билан бирга зарар кўламини баҳолаш, ярадорларни эвакуация қилиш ва ҳаёт учун зарур маҳсулотларни етказиш билан шуғулланмоқда. Мазкур гуруҳлар аввал ҳам минтақадаги йирик табиий офатлар, хусусан 2025 йилдаги “Мелисса” тўфони оқибатини бартараф этган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА