АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманига ташриф буюрди. Ушбу ташриф АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг яна бир амалий ифодаси сифатида эътироф этилди. Ташриф чоғида элчи жаноблари туман ҳокими Хуршид Усмонов ва маҳаллий мутасаддилар ҳамроҳлигида Лангар ота масжидида олиб борилган таъмирлаш ва сақлаш ишлари билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш лозимки, Лангар ота масжидида амалга оширилган реставрация ва консервация ишлари АҚШнинг “Маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича элчи жамғармаси” (AFCP) томонидан молиялаштирилди. Лойиҳа амалга оширилишида Чикаго университетининг малакали экспертлар гуруҳи фаол иштирок этди. Ушбу жамғарма АҚШ давлат департаментининг ташаббуси бўлиб, дунё бўйлаб ноёб маданий ёдгорликларни сақлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.
[gallery-23778]
– Биз Ўзбекистоннинг ажойиб ва бетакрор маданий меросини асраб-авайлашга ўз ҳиссамизни қўшиш имкониятига эга бўлганимиздан мамнунмиз, – деди элчи Жонатан Ҳеник.
Реставрация ишларида иштирок этган маҳаллий ва хорижий олимлар, меъморлар ва мутахассислар ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Улар масжиднинг меъморий услуби, деворларидаги безаклар ва ёзувлар ҳамда ушбу муқаддас жойнинг тарихий аҳамияти ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Лангар ота масжиди нафақат диний, балки илмий ва маданий аҳамиятга ҳам эга бўлиб, уни сақлаб қолиш жаҳон маданий мероси учун муҳим аҳамият касб этади.
Ташриф доирасида элчи Ҳеник Лангар ота мақбарасини ҳам зиёрат қилди. У ерда у маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашиб, қадимий қадриятлар, диний ва маънавий мерос ҳақида фикр алмашди. Элчи маҳаллий аҳоли томонидан маданий меросга бўлган эҳтиром ва уни сақлашдаги фаол иштирокини юқори баҳолади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари