АҚШ бир ойда 7 та самолётидан айрилдими?
Эронга қарши амалиётнинг бир ойи давомида АҚШ етти ҳарбий самолётидан айрилди. Техник носозлик ва тўқнашув туфайли ёки жанговар ҳаракат чоғида юз берган бу йўқотиш ҳарбий кампания оғир кечаётганини кўрсатмоқда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олиб бораётган ҳарбий амалиёти бошланганига бир ойдан ошди. Шу вақт мобайнида Қўшма Штатлар камида еттита ҳарбий самолётидан айрилгани айтилмоқда.
Дастлабки ҳодиса 2 март куни Кувайт осмонида содир бўлган. Англашилмовчилик туфайли маҳаллий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими АҚШнинг учта “F-15” қирувчисини нишонга олган. Вазиятни вақтида тўғри баҳолаган 6 нафар учувчи ерга сакраб, омон қолган ва кейинчалик яна хизматга қайтган.
12 март куни эса “KC-135” ёнилғи қуйиш самолёти ҳавода бошқа учоқ билан тўқнашиб, ҳалокатга учраган. Фожиа оқибатида экипажнинг барча олти аъзоси ҳалок бўлган.
Март ойи охирига келиб вазият янада кескинлашгач, 27 март куни Саудия Арабистонидаги “Шаҳзода Султон” авиация базасига берилган зарба натижасида Американинг стратегик аҳамиятга эга “E-3 Sentry” самолёти ерда йўқ қилинди. Шунингдек, яна бир ёнилғи қуйиш самолёти жиддий шикастланди, ўн нафар ҳарбий жароҳат олди. Айни пайт замонавий “F-35” қирувчи учоғи ҳам ҳужумга учраб, шикастланган ҳолда базасига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган.
Сўнгги тўқнашувларда “F-15” ва “A-10 Warthog” самолётлари иштирок этган: бири уриб туширилган, иккинчиси Кувайтга етиб борган. Жараёнда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари полковниги бедарак йўқолган, деб ҳисобланган эди. Кейинчалик у жароҳатланган ҳолда тоғли ҳудудда яшириниб, шерикларига хабар етказгани, сўнгра махсус қутқарув амалиёти орқали хавфсиз ҳудудга олиб чиқилгани маълум бўлди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА