Ақлли қишлоқ хўжалиги: Ўзбекистон тажрибаси дунёга намойиш этилмоқда
Мамлакатимизда қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди.
Жумладан, Фарғона вилоятидаги Новкент ва Юксалиш қишлоқлари БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAOнинг Рим шаҳридаги бош қароргоҳи томонидан амалга оширилаётган халқаро ташаббус доирасида эътироф этилиб, махсус сертификатлар билан тақдирланди.

Бу эътироф қишлоқларда барқарор ривожланишни таъминлаш, табиий мерос ва биологик хилма-хилликни асраш, шунингдек, инновацион ёндашувлар асосида маҳаллий озиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасида эришилган натижаларни намоён этади. Натижада мазкур қишлоқлар FAO қошида фаолият юритувчи MuNe — Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги музейи ва тармоғига киритилди.

Мазкур платформа орқали эътироф этилган қишлоқлар халқаро миқёсда тарғиб қилиниб, турли давлатлар ўртасида илғор тажриба ва билим алмашинуви янада ривожланади.

Шу билан бирга, FAO Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Келажак авлод учун ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳасини изчил амалга ошириб, қишлоқ ҳудудларида инновацион ечимларни кенг жорий этмоқда.

Лойиҳа доирасида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги томорқа ер эгаларига замонавий мева қуритиш ускуналари етказиб берилди. Жами 30 та ускуна тақсимланиб, улар маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва қўшимча қиймат яратиш имкониятларини кенгайтирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА