Ангренлик ёшлар ҳарбий қисмда
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Ҳар йили 15 декабрдан 20 январь кунига қадар Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан юртимизда “Ватанпарварлик ойлиги” эълон қилинади. Шу муносабат билан Ангрен шаҳридаги ҳарбий қисмда “Армия – матонат, жасорат ва билим маскани” шиори остида учрашув ўтказилди.
Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят Мудофаа бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ангренлик ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Учрашувда ёшлар билан ҳарбийлар фаолияти, уларга яратилган шароитлар, бугунги кунда Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар тўғрисида суҳбатлашилди.
Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар томонидан шахсий ҳимоя воситасидан меъёрлар бажариш, “АК-74” қуролини қисмларга ажратиш ва йиғиш, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юк автомашинасининг шинасини маррага думалатиб бориш каби эстафета ўйинлари эса ёшларда ўзгача таассурот қолдирди.
Тадбир давомида ўқувчилар учун Қуролли Кучларимизда мавжуд қурол-аслаҳалар ҳамда ҳарбий техникалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда малакали мутахассислар томонидан барчага ушбу қуроллар тўғрисида маълумотлар берилди ва ёшлар ҳарбий қисм бўйлаб сайр қилишди.
Ёшлар кутубхона, ошхона, спорт зали, Амир Темур синфи, ўқ отиш тайёргарлигидан назарий отиш синфи, компьютер синфи, спорт тренажёр залларидаги шароитлар билан танишди. Шунингдек, ижодкор ёшлар ва ҳарбий хизматчилар ўртасида “Менинг армиям – менинг фахрим!” мавзусида расм чизиш мусобақаси ўтказилди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Жойларда “Ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан тадбирлар давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА мухбири