Ангренда тиббий хизмат янада яхшиланмоқда
Ангрен шаҳрида бир қатор тиббиёт объектлари фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокимлиги вакиллари, шаҳар ҳокими Алишер Райимов, кенг жамоатчилик вакиллари, шифокорлар иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида ташкил этилган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказининг тантанали очилиш маросимида қатнашди. Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан Республика бўйича жами 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши белгиланган бўлиб, шундан биттаси Ангрен шаҳрида иш бошлаган. Бу ерда Ангрен, Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳарлари, Оҳангарон тумани аҳолисига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилади.


Бинонинг қурилиш ишлари учун 1 миллиард 147 миллион 578 минг сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шу билан бирга, 21 турдаги тиббий жиҳозлари, жумладан, мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ), рентген-диагностика, УТТ, Лапораскоп аппаратлари, Операцион стол ва лампалар ва бошқа зарур ускуналар ўрнатилди. Бундан ташқари, анестезиология ва реанимация бўлимида масофадан туриб ташхислаш ва зарурий маслаҳатлар бериш мақсадида телемедицина ташкил қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, марказ 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, олий тоифага эга 20 нафар шифокор, 120 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 67 нафар кичик тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатиши белгиланган. Эндиликда аҳолининг ўткир ва сурункали буйрак касалликлари билан оғриган беморлар учун Экстракорпорал детокцикация (ЭКД) бўлими иш бошлаган. Бу эса беморларнинг узоғини яқинлаштириб, пойтахт ва Олмалиқ шаҳарларига боришидан озод қилди. Ҳозирда 45 нафар бемор бу ерда даволаняпти.


Шундан сўнг меҳмонлар шаҳар Болалар стоматология поликлиникасини ҳам бориб кўрди. Мазкур бино таъмирга муҳтож эди. Шуни ҳисобга олиб маҳаллий бюджет маблағлари эвазига том қисми янгиланди, фасад қисми қопланди ва ички қисми жорий таъмирланди. Коммуникация тизими янгисига алмаштирилди.
Муассаса юридик мақомга эга бўлгандан сўнг "Дентал" рентген аппарати, 5 та замонавий тишни даволаш ва сунъий тиш қўйиш ускуналари келтирилди. Бундан ташқари, беморлар соғлиғини хавфсиз даволаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан бир қатор зарур жиҳозлар ҳам харид қилинди.
Тадбир иштирокчилари бинода яратилган шароитлар билан танишишди.


А.Мусаев, ЎзА.