Anadolu: Саудия Яманнинг 4 музофотига зарба берди
Саудия Арабистони ҳарбий-ҳаво кучлари пайшанба куни Яманнинг 4 ҳудудига жами 40 марта ҳаводан зарба берган. Бу ҳақда хусийлар назоратидаги “Saba” ахборот агентлиги хабар қилган.
Хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб берилган маълумотга кўра, Саудия самолётлари Ал-Жавф минтақаси Ал-Ҳазм ва Ал-Ғайл туманларига 10 марта, Мариб музофоти Ал-Жуба туманига 3 бор ҳамда Тоиз ҳудудидаги Мавза, Мақбана, Моча чорраҳаси ва бошқа жойларга 18 зарба йўллаган.
Бундан ташқари, мамлакат ғарбидаги Ал-Ҳудайда провинцияси Ал-Салиф ва Ал-Туҳайта туманлари ҳамда Камарон ороли нишонга олиниб, 9 марта ҳужум қилинган.
Хабарда ушбу ҳаракат оқибатида кўрилган талафот ёки қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Саудия томони ҳозирча ушбу воқеага нисбатан бирор муносабат билдирмади.
Ямандаги қуролли можаро 2014 йил сентябрь ойида хусийлар пойтахт Сано ва қатор вилоятларни эгаллаб олгандан бери давом этмоқда. Айни ҳолат 2015 йил мартда Саудия бошчилигидаги араб коалицияси халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий ҳаракатга аралашувига сабаб бўлган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА