Амир Темур тарихий меросига бағишланган парламент конференцияси
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Амир Темур: кучли давлат барпо этиш феномени, тарихий мерос ва замонавий тараққиёт” мавзусида парламент конференцияси бўлиб ўтди.
Конференциядан кўзланган асосий мақсад буюк давлат арбоби Амир Темурнинг давлат бошқаруви соҳасидаги бой тажрибасини чуқур ўрганиш, унинг тарихий меросини замонавий давлат бошқарувига уйғун ҳолда таҳлил қилишдан иборат.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳар йил апрель ойи мамлакатимизда "Амир Темур ойлиги" сифатида эълон қилиниб, маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар ҳамда турли тадбирлар ташкил этилади. Шунингдек, буюк аждодимизнинг давлат бошқаруви ва қарор қабул қилиш маданиятига оид меросини илмий асосда ўрганиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган конференция давомида Амир Темур давлатчилигида кучли бошқарув ва адолат тамойиллари, миллий давлатчилик анъаналари ва замонавий тараққиёт ўртасидаги узвий боғлиқлик, тарихий мероснинг бугунги ислоҳотлар жараёнидаги аҳамияти каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Конференция иштирокчилари бугунги шароитда темурийлар бой меросини ўрганиш, илмий натижаларини кенг тарғиб қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш муҳим эканини алоҳида таъкидлади. Амир Темур томонидан барпо этилган давлат бошқаруви тизимида қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, жавобгарлик муқаррарлиги ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш каби тамойиллар устувор аҳамият касб этган. Бу ғоялар бугунги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам ўз ифодасини топаётгани эътироф этилди.

Шунингдек, Амир Темур давлати бошқарувида муҳим ўрин тутган очиқлик, масъулият ва жамоавий муҳокама каби тамойиллар бугунги кунда парламентаризмни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар жараёни билан ҳамоҳанг экани айтиб ўтилди.
— Амир Темур давлатчилигининг муваффақиятини тушуниш учун унинг фақат ҳарбий юришлари ёки сиёсий ғалабаларига эмас, балки давлат бошқаруви маданиятига, хусусан, қарор қабул қилиш механизмига эътибор қаратиш лозим, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов. — Чунки ҳар қандай кучли давлат, аввало, тўғри ва адолатли қарор қабул қилиш тизимига таянади. Соҳибқирон томонидан шакллантирилган бундай тизимнинг асосини қурултой, кенгаш ва машварат институти ташкил этган бўлиб, улар ўзаро уйғун ҳолда ишлаган мукаммал сиёсий механизмни ифодалайди. “Темур тузуклари”да ёзилганидек, Амир Темур давлатни бошқаришда кенгаш ва маслаҳатга катта эътибор берган: “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур.” Бу шуни англатадики, буюк аждодимиз меросида халқ билан мулоқот устувор аҳамиятга эга бўлган.

Тадбирда “Темур тузуклари” ҳақида ҳам тўхталиб ўтилиб, унда адолат ва инсон манфаати устувор экани таъкидланди. Шу маънода тузуклардаги нормалар замонавий ижтимоий давлат ғояларига ҳамоҳанг экани айтиб ўтилди. Шунингдек, Соҳибқирон меросини чуқур ўрганиш ва уни ёшлар онгига сингдириш ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим омил сифатида урғуланди.
Бу борада Амир Темурнинг давлат бошқаруви тажрибасини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда амалиётга самарали татбиқ этишда сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва депутатлар олдидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА