Амир Темур мероси ва замонавий дипломатия - мулоқот марказида
Биродар шаҳарлар альянси ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Амир Темур мероси ва замонавий шаҳарлар дипломатияси” мавзусида илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 февралдаги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Унга кўра, ҳар йили апрель ойи юртимизда “Амир Темур ойлиги” сифатида нишонланиб, буюк аждодимизнинг давлатчилик, ҳарбий санъат, илм-фан ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссасини кенг тарғиб этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Муҳокамалар давомида Амир Темурнинг марказлашган давлат барпо этишдаги сиёсий қарашлари, ташқи сиёсатдаги стратегик ёндашувлари, Темурийлар даврида дипломатик алоқалар тизимининг шаклланиши, шунингдек, замонавий халқ дипломатиясида тарихий меросдан фойдаланиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, шаҳарлар дипломатияси ва биродар шаҳарлар ҳамкорлигининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар томонидан Амир Темур даврида йўлга қўйилган кенг қамровли халқаро алоқалар, жумладан, Европа ва Осиё давлатлари билан олиб борилган элчилик муносабатлари бугунги глобаллашув шароитида ўзаро ишонч ва самарали мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим тарихий тажриба экани таъкидланди.

Тадбирда, шунингдек, Буюк Ипак йўли орқали амалга оширилган савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларнинг бугунги минтақалараро ҳамкорлик ва шаҳарлар дипломатиясидаги ўрнига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу эса замонавий ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришда тарихий меросдан самарали фойдаланиш муҳимлигини кўрсатади.
Давра суҳбати доирасида Амир Темур меросини ўрганишга қаратилган илмий лойиҳаларни кенгайтириш, халқаро конференциялар ва талабалар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, биродар шаҳарлар билан маданий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида тарихий онг ва фуқаролик масъулиятини оширишга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди.

Тадбир давомида Амир Темур ва Темурийлар даврига оид илмий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 169-мактаб ўқувчилари томонидан чизилган Амир Темур сиймоси акс этган расмлар намойиш этилиб, ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА