Амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигига хизмат қилади
Навоий вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим босқичга айланмоқда. Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Навбаҳор ва Кармана туманларида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишди ҳамда ўз таклифларини билдирди.
Бугунги кунда Навбаҳор туманида қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “NAVBAHOR JIAJIA CLUSTER” МЧЖ ХК томонидан амалга оширилаётган 70 миллион АҚШ долларлик йирик агролойиҳа бу борада муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Лойиҳа доирасида ер майдонларида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, бу усул сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Замонавий агротехнологияларнинг кенг жорий этилиши ҳудудда қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, тумандаги Навбаҳор маҳалласида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллани Янги Ўзбекистон қиёфасига мос ҳолда ривожлантириш мақсадида инфратузилмани яхшилаш, ижтимоий объектларни реконструкция қилиш, спорт иншоотлари барпо этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Хусусан, 8-сонли умумтаълим мактабининг 424 ўринли биноси халқаро молиявий институтлар кўмагида таъмирланиб, қўшимча равишда 240 ўринли янги ўқув биноси қурилмоқда. Бу эса таълим сифатини ошириш ва ўқувчилар учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилади.

Кармана туманида эса саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “METALL MAHSULOT ZAVODI” МЧЖ фаолияти бунинг яққол мисолидир. Корхонада импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, бу нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилмоқда.

70 фоиз импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилган лойиҳа 0,4 гектар ер майдонида ташкил этилган. Корхонанинг йиллик айланмаси 1 миллион долларни ташкил этиб, 25 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 50 та янги иш ўрни ташкил этилиб, йиллик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 миллион долларга етказилади.

Туманда ташкил этилаётган мебелчилик микромарказида 300 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилгани аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сардоба маҳалласи ҳудудида 3 гектар ер майдонида ташкил этилаётган лойиҳа доирасида 7 та мебель цехи қурилади. Айни пайтда мазкур мебелчилик микромарказидаги лойиҳаларда қурилиш-монтаж ишлари кетмоқда.

Ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш ва аҳоли учун замонавий дам олиш шароитларини яратиш мақсадида ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Golden Eco Park” ҳамда “Ғани бобо боғи” каби экобоғ мажмуалари барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида болалар ва оилалар учун дам олиш масканлари, аттракционлар, замонавий ўйин майдончалари, ёпиқ экобоғ ҳудуди, маданий ва кўнгилочар зоналар, овқатланиш ва хизмат кўрсатиш жойлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Умуман олганда, Навоий вилоятида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар иқтисодиётни диверсификация қилиш, инвестицион жозибадорликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган. Бу каби комплекс ёндашувлар ҳудудни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоят ҳокими тадбиркорлар билан учрашуви чоғида лойиҳаларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, маҳаллий аҳоли, жумладан, ёшларни иш билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири