AI тизимида миллиардлар: Жанубий Корея келажакка сармоя киритмоқда
Жанубий Корея ҳукумати сунъий интеллект технологияси ривожи ортидан шаклланган улкан солиқ тушумини махсус давлат жамғармасига йўналтириш режасини тузди. Ушбу маблағ стратегик инфратузилма лойиҳалари, ёшлар бандлиги, уй-жой дастурлари ҳамда инновацион стартапларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.
Қўшимча даромаднинг асосий манбаи дунёдаги етакчи чип ишлаб чиқарувчилари ҳисобланган “Samsung Electronics” ва “SK hynix” компанияларидир. СИ марказлари учун зарур хотира чипига талаб кескин ошиши ортидан мазкур корпорациялар рекорд даражада фойда кўра бошлади. Қолаверса, давлат бюджетига тушум ҳам сезиларли даражада кўпайди.
Президент администрацияси раҳбари Кан Хун таъкидлашича, мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга мазкур имкониятдан оқилона фойдаланиш зарур. Шу мақсадда ташкил этилаётган “Келажакка жавоб жамғармаси” СИ ва ярим ўтказгич соҳасидаги йирик лойиҳаларни молиялаштириш орқали ижтимоий тенгсизликни камайтиришга хизмат қилади.

Режага кўра, тўпланган маблағнинг бир қисми янги чип заводлари учун электр энергияси ва сув таъминоти билан боғлиқ муҳим инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади. Шунингдек, ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва арзон уй-жой дастурлари кўламини кенгайтириш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган.
Сўнгги ойларда Корея технология гигантлари бозор қиймати мислсиз даражада ўсди. “Samsung Electronics” акцияси йил бошидан буён 170 фоиз қимматлашди, “SK hynix” нархи эса 300 фоиз кўтарилди. Демак, ушбу мамлакат сунъий интеллект ва ярим ўтказгич соҳасидаги глобал рақобатда ўз ўрнини жадал мустаҳкамлашга интиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА