Аҳолининг нақд пулсиз тўловлари улушини 75 фоизга етказиш режалаштирилмоқда
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда яширин иқтисодиётни қисқартириш давлат иқтисодий сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Ҳужжатда бу борада рақамлаштиришни кенгайтириш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш, расмий бандликни ошириш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизини ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 25 фоиз атрофигача камайган.
Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги тегишли фармони билан 2030 йилга қадар кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини яна 1,3 баробарга қисқартириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳолининг нақд пулсиз тўловлари улушини 75 фоизга етказиш, шунингдек, расмий бандликни кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Фискал стратегияга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг норасмий иқтисодиётдан расмий секторга ўтишини рағбатлантириш чоралари кучайтирилади.
Бунинг учун тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш ва фаолият юритиш тартиблари янада соддалаштирилади. Соддалаштирилган солиқ режимидан умумий режимга ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Ҳалол солиқ тўловчиларга нисбатан назорат тадбирлари қисқартирилади. Аҳоли ва тадбиркорларда солиқ тўлаш маданиятини оширишга қаратилган тарғибот ишлари кенгайтирилади.
Яширин иқтисодиётни қисқартиришда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган. Хусусан, электрон ҳисобварақ-фактуралар тизими такомиллаштирилади. Онлайн назорат-касса машиналари маълумотлари чуқур таҳлил қилинади. Рақамли маркировка тизими кенгайтирилади. Давлат органлари ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинади.
Шу билан бирга, чакана савдо, умумий овқатланиш, қурилиш, кўчмас мулк ижараси, қишлоқ хўжалиги ҳамда йўловчи ва юк ташиш соҳаларида яширин иқтисодиёт хавфини камайтириш бўйича манзилли чоралар кўрилади. Стратегияда банк карталари, QR-код орқали тўловлар, мобил иловалар ва электрон тўлов хизматларидан фойдаланишни янада кенгайтириш режалаштирилган. Шунингдек, маркетплейслар фаолиятини ривожлантириш, электрон тўловлардан фойдаланишни рағбатлантириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун қўшимча имтиёзлар жорий этиш орқали иқтисодиётнинг шаффофлиги оширилади.
Ҳужжатда меҳнат муносабатларини расмийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун, ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномаларини расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилади. Расмий иш билан таъминланган фуқаролар учун ипотека, кредит ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади. Иш берувчиларга ходимларни қонуний ишга расмийлаштириш бўйича қўшимча рағбатлар берилади.
Солиқ назоратида хавфларни баҳолашга асосланган ёндашув жорий этилади. Назорат тадбирлари асосан қонунбузарлик эҳтимоли ва бюджетга етказилиши мумкин бўлган зарар юқори бўлган соҳаларга йўналтирилади. Шунингдек, солиқ назорати халқаро TADAT методологияси асосида такомиллаштирилиб, рақамлаштирилади.
Фискал стратегияда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида, яширин иқтисодиёт улушини янада қисқартириш, бюджет даромадларини ошириш, солиқ тизимида шаффофликни кучайтириш, ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инвесторлар учун ишончли ва барқарор иқтисодий муҳит яратиш мақсад қилинган.
Ш.Маматуропова, ЎзА