Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатнинг ижтимоий-демографик тузилиши ҳақидаги асосий маълумот манбаи, расмий статистика тизимидаги муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
Бу аҳоли сони бўйича аниқ ва ишончли маълумот олиш имконини беради. Шунинг учун 2023 йилда мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига қизғин тайёргарлик кўрилмокда.
Мазкур тадбир бизга нима беради? Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади.
Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу – ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала. Айтиш жоиз, кейинги уч йил давомида масъул мутасаддиларни қайноқ иш жараёни кутиб турибди. Уларни муваффақиятли бажариш билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳри, туманидан тортиб маҳалласи-ю кўчасига, чекка қишлоқ ва олис овулларигача алоқадор бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базаси яратилади.
Х.Камаретдинова,
Олмазор тумани статистика бўлими бош мутахассиси.
ЎзА