Ўзбекистонда ўтказилаётган Қозоғистон тиббиёти кунлари доирасида қўшни давлат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган тўртта мобил тиббиёт мажмуаси юртимизга келтирилди.
Маммограф, компьютер томографи, рентген, УТТ ҳамда замонавий лабораториялар билан таъминланган бу махсус автомажмуалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Тадбир доирасида қозоғистонлик шифокорлар республикамизнинг Жиззах, Фарғона каби вилоятларида бўлгани каби Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманига ташриф буюриб, туман тиббиёт бирлашмасининг малакали мутахассислари ҳамкорлигида маҳаллий аҳолини бепул бирламчи тиббий кўрикдан ўтказди. Улар орасида тажрибали гинеколог, ревматолог, офтальмолог, жарроҳ, рентгенолог, лаборатория ва УТТ-терапевт мутахассислар бор.

Текширув жараёнида кўчма лаборатория ёрдамида таҳлиллар олиб борилди, 45–65 ёшли аёллар орасида маммографик скрининг амалга оширилиб, кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлаш имкони яратилди. Шунингдек, ЭКГ ва УТТ каби инструментал текширувлар ҳам кенг қўлланилди.


– Бу тадбир нафақат аҳолини сифатли тиббий кўрикдан ўтказиш, балки қўшни давлат шифокорлари билан тажриба алмашиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этди, – дейди Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акром Азизқулов. – Чунки қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай кўриклар орқали касалликларни эрта аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш ва энг муҳими, тиббий хизматни халқимизга янада яқинлаштириш имкони яратилди. Кўплаб беморлар илк бор замонавий ускуналар ёрдамида комплекс текширувлардан ўтишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири