Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги байрами арафасида Андижон вилояти Избоскан туманида аҳоли вакиллари иштирокида тиббиётдаги ислоҳотлар тарғиботи, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан очиқ мулоқот ҳамда фуқаролар учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.
Избоскан тумани ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг вилоят филиаллари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир очилишида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг самаралари хусусида сўз юритилди.

– Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 33 йиллик байрами арафасида ўтказилган мулоқотда аҳоли вакилларига тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида кенг маълумотлар берилди, – дейди Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари Аҳрорбек Абдужабборов. – Қолаверса, чуқурлаштирилган тиббий кўрик орқали юзлаб фуқароларнинг саломатлиги назоратдан ўтказилди. Мақсадимиз ҳар бир юртдошимиз соғлом бўлсин. Шундагина инсон самарали меҳнат қилади, ижтимоий ҳаётда фаол бўлади, жамиятга, оиласига кўпроқ фойда келтиради.

Малакали шифокорлар томонидан Избоскан агротехнологиялар техникумида ўтказилган тиббий кўрикда тумандаги Тинчлик, Тўрткўл, Истиқлол, Ботиробод ва Гузар маҳаллаларида истиқомат қилувчи 400 нафарга яқин фуқаролар саломатлиги кўрикдан ўтказилди.
Хирург, терапевт, кардиолог, тери-венерик, ЛОР, окулист, онколог, травматолог, педиатр, фтизиатр, акушер-гинеколог ҳамда бошқа йўналишлар мутахассислари томонидан, шунингдек, кўчма УЗИ, рентген, лаборатория текширувлари, мобил офтальмолог ва мобил рентген кабинетлари орқали ўтказилган бепул тиббий кўриклар давомида иштирокчиларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Текширувлар натижасида 14 нафар беморга юқори технологик даволаш амалиёти учун йўлланма берилди, 12 нафар фуқаро туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасига даволаниш учун жойлаштирилди.
Шунингдек, 174 нафар аҳоли вакилларига 49 турдаги дори-дармон воситалари бепул тарқатилди, 142 нафар фуқарода касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида скрининг текширувлари амалга оширилди.
Тадбирларда аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини жорий этиш, тиббий муаммоларни манзилли ҳал этишга ёрдам берди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари