Аҳоли билан мулоқотнинг ижобий самараси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Зухра Ибрагимова халқ билан мулоқот қилиш, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топиш мақсадида Элликқалъа туманига борди.
Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари С.Авезов раҳбарлигида “Қизилқум” овул фуқаролар йиғинида сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан биргаликда “Қизилқум” ва “Гулистон” овуллари ёшлари билан учрашув, ҳудуд аҳолиси учун оммавий сайёр қабул ўтказилди. Тадбирда туман ҳокими ва депутат томонидан ёшларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берилди ва мутассадди раҳбарларга тегишли вазифалар белгиланди.
Депутат тумандаги “Элликқальа”, “Гулдурсун”, “Қизилқум”,”Гулистон”, “Оқ олтин”, “Қирққиз” овул фуқаролар йиғинлари, “Абай” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди. Мулоқотлар чоғида фуқаролардан йўл қурилиши, газ ва энергия тақчиллиги, мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаблари фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича бир қатор мурожаатлар келиб тушди. Депутат барчасини таҳлил қилиб, бу масалаларни тегишли идоралар ёрдамида ҳал этишини маълум қилди.

Шундан сўнг маҳалладаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ушбу дафтарлардан чиқариш бўйича субсидия асосида қуриб берилган иссиқхона фаолияти, ажратиб берилаётган ерлардан фойдаланиш ҳолати ўрганилди. Бу ерда ишлаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Шунингдек, депутат ижтимоий ҳимояга муҳтож Умида Эгамбердиева хонадонида бўлиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган Ширин Исмаилова ва Мияссар Бекчанова билан суҳбатлашиб, уларнинг қизиқишларини ўрганди. Фуқароларнинг турмуш шароити билан танишиб чиқилди ва уларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Учрашув сўнгида “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишда фаоллик кўрсатган “Қизилқум”, “Гулистон” овуллари, “Оқ олтин” ва “Янги Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича ўринбосарларини рағбатлантириш мақсадида компьютер жамланмалари совға қилинди.

Умуман олганда депутат Элликқалъа сайлов округида аҳоли ва жамоатчилик билан учрашувлари давомида бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг самараси ҳақида маълумотлар бериб, мавжуд муаммоларнинг ечилишида кўмак беришини айтди.
Жойларда аҳоли билан мулоқотлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА