Афғонистон кўргазмасига қизиқиш доимо юқори (+видео)
Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Ана шу жиҳатлар Тошкентда “Ўзэкспомарказ” павильонларида бўлиб ўтаётган Афғонистон ишбилармонлари кўргазмасида яққол акс этиб турди. Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида кўплаб масалалар бўйича якдиллик бор.
Савдо-сотиқ, маданий-гуманитар, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, савдо айланмасини ошириш борасида катта қадамлар ташланди. Марра ҳам катта олинган. Яқин йиллар ичида давлатларимиз ўртасида савдо айланмасини 5 млрд долларга етказиш. Юртимизда ўтаётган ана шундай кўргазмалар ҳам ушбу мақсадларга эришишда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.
Афғонистон ҳам бизни мамлакатдек кўпмиллатли халқ. Бу ерда ўзбекларнинг салмоқли қисми яшайди ва уларнинг жамиятдаги алоҳида ўрни ва мавқеи бор. Кўргазмада бизни гиламларимизга ўхшаш, қўл меҳнати асосида яратилган маҳсулотлар кўплаб намойиш этилди. Тақинчоқлар, қуритилган ва чиройли қадоқланган майиз, бодом, тут майиз, ёнғоқ, шифобахш табиий дори воситалари, турли салқин ичимликлар келганларнинг эътиборини торди.
Албатта мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқаларининг ривож топишидан халқларимиз катта манфаат топади. Чунки, уларда ҳам, бизни юртда ҳам муштарак бозорлар бор. Шу боис кўргазма ниҳоясига етай деб қолган бўлсада келувчиларнинг сафи камаймаяпти. Аксинча, борган сари кўпайиб бормоқда. Намойишлар 28 мартга қадар давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/d5yf-vRYUXU" title="Afg`oniston ko`rgazmasiga qiziqish doimo yuqori " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА