Афғонистон бўйича халқаро конференция
19 октябрь куни Тошкент шаҳрида «Афғонистон: минтақавий боғлиқлик, хавфсизлик ва ривожланиш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур форум жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференциянинг мантиқий давоми сифатида томонларнинг Афғонистон ривожланиши ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари муштарак эканини тасдиқлади.
Ушбу халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилди. Тадбирда Афғонистон, Покистон, Эрон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари делегациялари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган табрик хатини Президент маслаҳатчиси – Спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Анжуман якунида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича йўналишлар ва аниқ вазифалар белгиланди.
Шунингдек, глобал ҳамда минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган терроризмга қарши биргаликда қатъий курашишга келишиб олинди.
ЎзА