Адибанинг "Хаёлим гули" китоби чоп этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси Дилшода Саидолимованинг “Хаёлим гули” шеърлар ва қатралар китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, ёш ижодкорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, “Хаёлим гули” тўплами шоиранинг ўзига хос сайланмаси сифатида тайёрланган ва еттига ажратилган. Ҳар бир қисмида шоира ижодидаги бирламчи мавзулар ўз аксини топган.
Шоира барча ўзбек ижодкорларига хос равишда Ватан мавзусини ўзининг бош мақсади, деб билади ва табиий равишда, энг аввало, киндик қони томган тупроққа, Зарафшон дарёсининг икки оқими: Оқдарё билан Қорадарё оралиғидаги Миёнқолга бўлган фарзандлик меҳрини ифода этади.

Хусусан, у шундай ёзади:
“Майсадурман сенда унган,
Ҳумо қуши каби қўнган.
Дилим меҳри, қоним сингган,
Миёнқолим, бўл омон!..”
Шоира учун яна бир азиз мавзулардан бири муҳаббатдир. Ушбу тўпламга ном бўлган сатр ҳам айни муҳаббатга бағишланган шеърда келади:
“Соғинч сели тошмай юракдан,
Келсанг, кел-эй, хаёлим гули!”
Тақдимот тадбирида шоира шеърларининг ушбу жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.
Китоб “Ўзбекистон” нашриётида 300 нусхада чоп этилган. Бу китобга қадар унинг “Умидим” номли шеърий ҳамда “Сен менинг қувончимсан”, “Кичкина аммам” номли насрий китоблари чоп этилган.
“Умидим” шеърий тўпламидаги шеърларидаёқ шоиранинг ўзига хос овози куртак кўрсатган эди. Унинг “Сен менинг қувончимсан” номли тўпламидаги ҳикояларида, энг аввало, ижодкорнинг шоирона муносабати, аёллик туйғулари акс этган.
ЎзА