Ижод, адабиёт – катта майдон. Бу майдонда ҳар бир қаламкаш, сўз устасининг ўз ўрни, даражаси бор.
Муҳаббат Йўлдошева – сўз ихлосмандларига яхши таниш адибаларимиздан. Ўттизга яқин китоблар муаллифи. Фантаст – ёзувчи. Таржимон, ёзган эртаклари нафақат Ўзбекистонда, балки Россия, Украина, Қозоғистон, Белорус, Ҳиндистон, Сербия, Бельгия, АҚШ, Жанубий Корея, Миср каби хорижий мамлакатларда ҳам чоп этилган.
Кино санъати ривожига бақадри имкон ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти – 400га яқин бадиий фильм ва 20дан ортиқ телесериалларни она тилимизга ўгирган. Яна бир яхши фазилатлари – ёш ўзбек адиблари асарларини таржима қилиб, уларни тарғиб қилишдек вазифани ҳам елкаларига олган. Бир сўз билан айтганда, том маънодаги зиёли. Суҳбатимиз, Муҳаббат опа Йўлдошева билан...
– Муҳаббат опа, таржимайи ҳолингизга қараб, «Шунча ишни қилишга қандай ва қачон улгургансиз?» деган савол хаёлга келаверади...
– Агар хоҳиш бўлса, одамзод ҳар қанча ишни бажаришга қодир бўлади. Баъзан эса мажбурият тақозо қилади... 20-22 соатлаб ишлашга тўғри келарди. Айниқса, дубляжда ишлаганимда, мизғиб олишга вақт ҳам бўлмасди. Фильмлар эфирга кетишидан 4-5 кун олдингина таржимага бериларди, баъзи фильмларни таржима қилишнинг ўзига камида 3 кун вақт кетарди. Мен эса дубляждан ташқари яна газетада муҳаррир бўлиб ҳам ишлардим, шунинг учун кундузи газетадаги ишимни бажариб, тунда уйқунинг ҳисобидан кино таржима қилишимга тўғри келарди. Яхшиямки, бу пайтда фарзандларим улғайиб қолишган, баҳолиқудрат ёрдам беришарди. Баъзан қизим 2-3 соат ухлаб дам олишга мажбурлаб, унгача ўзи ишимни давом эттириб туришини айтарди. Тун ярмидан оққанида, қизим фильм таржима қилаётиб, қаттиқ чарчаганидан компьютер экранига тикилганича ухлаб қолганини кўрган ўғлим опасини уйғотиб, ухлашга жўнатар ва ўзи таржима қилишга ўтирарди. Уйғонганимда, кинонинг салмоқли қисми таржима қилиб қўйилганини кўрардим... Шу тариқа, мен қўл урган, шуғулланган ҳар бир ишда фарзандларимнинг ҳам ҳиссаси бор.
– Аҳён-аҳёнда бирор ўзбек шоири – ёзувчисининг асари чет эл нашрларида чоп этилгани қулоққа чалинади. Афсуски, бундай қувончли хушхабарларни тез-тез эшитавермаймиз. Ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқишга тўсқинлик қилувчи энг катта муаммо нимада деб ўйлайсиз?
– Ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқишдаги энг катта муаммо, бу — тил билмаслик. Юртбошимиз бекорга чет тилларини ўрганишни кучайтиришга эътибор қаратаётганлари йўқ. Агар адабиёт — дунёга миллатнинг ўзлигини кўрсатувчи кўприк бўлса, асарларига халқининг умид ва ишончларини муҳрлаб, ўзга халқларга тақдим этаётган шоир – ёзувчилар бу кўприкнинг устунларидир. Адабиётни дунёга олиб чиқувчи асосий восита эса — тил! Юртимиз мустақилликка эришгач, ижодкорлар дунё адабиётига қўшилиш, ўз асарларини хорижий нашрларда эркин чиқартириш, ўзбек адабиётининг имконият ва бор гўзаллигини дунёга намоён этиш имкониятига эга бўлдилар. Афсуски, чет тилларни билмаслик ижодкорлар учун очилиши мураккаб эшиклигича қолди. Ҳатто, ижодкор ўз асарини бир амаллаб чет тилларига таржима қилдириб олганида ҳам, уни хорижий нашрларга тавсия этолмайди, чунки муҳаррирлар билан гаплашиши учун ҳам тил билиши керак! Ваҳоланки, чет тилларини биладиган ижодкор кимгадир маҳтал бўлмай, асарини ўзи таржима қилиб, бемалол чет элларда чиқартира олади.
– Билишимизча, сиз кўпгина ёш ижодкорларнинг асарларини хорижий нашрларда чиқартиришга ёрдам беряпсиз...
– Аниқроғи, мен ўзбек адабиётини чет элларда тарғиб қилиш билан шуғулланаман ва хорижий нашрларга ёш ижодкорларнинг асарларини тавсия этаман. Лозим бўлса, тавсия этилаётган асарнинг миллий, ўзига хос томонлари ҳақида ҳамкорларга тушунтириш бераман. Танлаш имконияти албатта, нашр муҳаррирларида бўлади ва улар ўзларига маъқул бўлган асарни чоп этишади. Катта, тажрибали ижодкорлар нима қилиш зарурлигини яхши билишади, шу боис мен кўпроқ ёш ижодкорларга ёрдамлашаман. Чунки ёшлар, барибир – ёш. Менинг уларга кўмагим ўзбек адабиётининг муносиб намуналари чет эллик ўқувчиларга етиб боришини осонлаштиради, деб ҳисоблайман.
– Ўзбек адабиётини тарғиб қилиш борасидаги ишларингизни хорижий нашрларнинг муҳаррирлари қандай қабул қилишади?
– Ўзбек ёзувчиларининг асарларини тавсия этганимда, муҳаррирлар ортиқча ажабланишмайди. Баъзи нашрлар таҳририяти мени танигани боис уларга тавсия этаётган асарларимнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни ҳақида ортиқча шубҳага боришмайди. Масалан, 2019 йилда ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг «Узбечка» романини рус тилига таржима қилганимдан сўнг шундай яхши асарни рус ўқувчиларига қандай қилиб етказиш ҳақида бош қотира бошладим. Шунда Москвадаги «Вече» нашриётининг бош муҳаррири Виталий Пишченко эсимга тушди. Виталий Иванович Пишченко россиялик машҳур фантаст-ёзувчи, Ўзбекистонга ва ўзбек адабиётига катта ҳурмат билан ёндашадиган одам. У 1988 йилда Тошкентда ўтказилган Бутуниттифоқ Ёш фантаст-ёзувчилар семинарига раҳбарлик қилган, ўша пайтлари ёш ижодкор бўлган менга катта ёрдам берганди. Мен ҳаддим сиғиб «Узбечка»ни Виталий Ивановичга жўнатдим. Шу тариқа 2020 йили Москвада ўзбек ёзувчисининг романи нашрдан чиқди.
Донескда чиқадиган «Автограф» адабий журналининг бош муҳаррири Лариса Деминская таҳририятга жўнатилган асарларнинг муаллифлари билан шахсан ўзи электрон почта орқали мулоқотда бўлишни маъқул кўради. Бир сафар бир ёш адибанинг асарини таржима қилиб, «Автограф»га жўнатганимда, Лариса Алексеевна муаллифларнинг ўзи бажариши керак бўлган ишни қилишимдан менга бирон манфаат борми-йўқлигини сўради. Мен бу адибанинг ҳатто электрон почтаси ҳам йўқлигини, боз устига, у рус тилини яхши билмаслиги сабабли муҳаррир билан ўзаро мулоқотда ҳам бўлолмаслигини, агар асарнинг мазмуни ёки таржимаси борасида муаммо чиқиб қолгудек бўлса, муҳаррирдан келган хатни муаллифга таржима қилиб беришим учун ортиқча вақтим кетишини, лекин бу фаолиятимдан менга на моддий ва на маънавий манфаат йўқлигини, шунчаки савоб йўлига ишлашимни тушунтирдим.
– Асарларни хорижий нашрларга тавсия этишда борасида муаммолар ҳам учраб турадими?
– Бундай муаммоларга одатда англашилмовчилик сабаб бўлади. Шунақанги ҳолатларнинг олдини олиш учун рус тилида чиқадиган нашрларга фақат ўзим бадиий таржима қилган асарларни тавсия этаман. Чунки бу асарларнинг таржимаси ёки мазмуни борасида бирор муаммо чиқиб қолса, нашр муҳаррири билан ўзим гаплашиб, муаммони тезгина ҳал қилишим мумкин. Агар бегона одамнинг таржимасини жўнатсам, то ўша таржимонни топиб, унга гап нимадалигини тушунтириб, хатоликни тўғрилатгунимча ва кейин буни тушунтириш учун нашр муҳаррири билан ёзишгунимча анча вақт кетиб қолади.
Масалан, бир куни ёш ёзувчилардан бири мен рус тилига таржима қилиб берган асарни адабий журнал қабул қилмаганини айтди. Мен дарҳол бош муҳаррир билан боғландим. Муҳаррир таржимага эътирози йўқлигини, лекин асар яхшилик ва эзгуликка ундамайдиган тарзда якунлангани сабабли уни нашр этолмаслигини айтди. Мен муаллифга журналнинг эътирозини тушунтирдим ва у ҳикояси қайтарилганидан ранжимади.
– Болаларни китоб ўқишга қизиқтириш борасида жаҳон тажрибасидаги ўзингизга ёққан нималарни айта оласиз?
– Китоб ўқишга қизиқтиришни боланинг тили чиққаниданоқ бошлаш керак деб ҳисоблайман. Ҳар ҳолда мен ўзим фарзандларимга алла ўрнига ҳам эртак айтганман. Шу туфайли ҳам қизим 6 ёшидан, ўғлим 4 ёшидан эртак тўқий бошлашган бўлса керак...
2018 йили Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида Осиё Маданият Маркази (АСС) томонидан ташкил этилган Халқаро Эртаклар семинарида иштирок этдим. Ўша ерда болалар марказидаги кутубхонага боғча тарбияланувчилари келишганига гувоҳ бўлдим. Бир-бирининг қўлидан тутганча китоб жавонлари орасидан ўтиб келаётган 2-4 ёшли болачалар токчалардаги суратли китобларга кўзлари чақнаб тикилишар, ҳозир боғча опаси қандай эртакни ўқиб беришини тахмин қилиб, чуғурлашарди.
Эртак китоблар қўйилган жавонларнинг ёнида турфа рангли чиройли ёстиқчалар уйиб ташланганди. Болажонлар мана шу юмшоқ ёстиқларда ўтирганча эртак тинглашар экан... Кванжудан қайтгач, сафар таассуротларини сўзлаб бераётганимда, қизим — болалар ёзувчиси Гулноз Тожибоевада бир ажойиб ғоя пайдо бўлди. «Агар боғчаларда эртак соатлари ташкил этилса-ю, уларда болалар ёзувчилари иштирок этишса, болаларда китобга ва ўқишга қизиқиш жудаям ошарди», деди у.
– Мана, сиз билан ижод, кеча, бугунги жараёнлар ҳақида суҳбатлашаяпмиз. Ўқувчиларингиз учун ҳали маълум бўлмаган – «Тандирдан янги узилган» янгилик борми, айта оласизми?
– 2021 йили июнь ойида Мисрда нашр этилган антологияга инглиз тилида учта асарим киритилибди. Қозоғистондан қозоқ тилидаги эртаклар тўпламим нашриётнинг 2022 йил режасига киргани ҳақида хабар келди. Июнь ойида Россиядаги «Камертон» журналида «Великая Молочная река» номли эртак-қиссам чиқди. АҚШдаги “International Writers Journal” адабий журналнинг апрель-июнь сонида «Эртакчи сичқон» номли эртагим инглиз тилида эълон қилинди.
– Айни кунда ўтказилаётган ва сиз бошчилик қилаётган “HUMO” эртаклар танлови ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.
– “HUMO” эртаклар танловини ўтказишдан мақсад – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида яшаб, эртак жанрида ижод қилаётган қобилиятли ёш ижодкорларни аниқлаш ва уларнинг ижодий ривожланишига кўмаклашишдан иборат. Бу танлов 2019 йилда илк бор ўтказилган эди. Танловни ўтказишда қизим, болалар ёзувчиси Гулноз Тожибоева ва филолог Елена Грюкалова ёрдам беришди, ўғлим, ёзувчи ва таржимон Хуршид Тожибоев эса ҳомийлардан бири бўлишни маъқул топди. Шунингдек, танловга ҳомийлик қилган «Дониш чироғи» МЧЖ раҳбари, ношир Акмал Нажмиддинов, фантаст-ёзувчи Дилфуза Қўзиева, “Inside Kashkadarya” журналининг бош муҳаррири, ёзувчи Асрор Аллаёровлар, ҳамда шоира Марям Аҳмедованинг ёрдами катта бўлди. Бу йил Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган навбатдаги “HUMO” эртаклар танловини эълон қилдик. Танловга ўзбекистонлик болалар ёзувчилари билан бир қаторда Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, АҚШ ва Россиядан болалар ёзувчилари ҳакамлик қилишади.
– Сиз бахтлимисиз?
– Албатта, бахтлиман! Бир уй китобим бор. Иккала фарзандим ҳам изимдан келаяпти. Буларнинг ҳаммаси – бахт.
– Муҳаббат опа, сиздан нималарни сўрашимни хоҳлагандингизу, мен шу саволни беролмадим?
– Болаликдаги орзуим ҳақида... Одатда кўпчилик адиблар болаликдан ёзувчи бўлишни орзу қилишгани ва эрта ижодга кириб келишганини айтишади. Йўқ, болаликда ёзувчи бўлиш менинг хаёлимга ҳам келмаган. Болалигимда мен космонавт бўлишни орзу қилардим. Ўша пайтларда ягона космонавт аёл ҳисобланувчи Валентина Терешкованинг сурати доим ёнимда юрар, коинотга тегишли қандай маълумот топсам, ёдлаб олардим, самодаги юлдузлар ва ракеталарнинг суратини чизиб, хонам деворига осиб қўярдим.
Бир кун келиб албатта коинотга учишимга, ўнгимда ҳам, тушимда ҳам хаёлларимни ўғирлайверадиган юлдузлар сарҳадига албатта етиб боришимга негадир жудаям ишонардим. Тўғри, бу орзуим шунчаки ҳавас ёки хом хаёллардан иборат эмасди. Мен космонавт бўлиш учун жуда катта билим ва мустаҳкам соғлик кераклигини яхши билардим. Шунинг учун жуда кўп китоб ўқирдим, кунига жуда бўлмаганда 1 та китоб ўқиб тугатмасам, кўнглим жойига тушмасди. Шу сабабли, то ўқишни битиргунимча мактаб кутубхонасидаги ва қишлоқ кутубхонасидаги турли соҳаларга оид китобларнинг барини ўқиб тугатдим. Гарчи аъло баҳолар билан ўқиб, 10 йил давомида «5»дан бошқа баҳо олмаган бўлсам-да, барибир Россиядаги учувчилар билим юртига ҳужжат топширишга тайёрланаётганим боис физика, математика, астрономия фанларини ҳамда рус тили ва адабиётини янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилардим.
Бироқ давлат имтиҳонларини топшириш арафасида бизни қандайдир касалликка қарши эмлашганида игнадан юққан вирусли гепатит орзуларимни чил-парчин қилиши хаёлимга ҳам келмаганди. Вирусли гепатитдан кейин учувчилар билим юртини ҳам, коинотни ҳам орзу қилиш иложсиз... Мактабни Олтин медаль билан битирдим ва... Москва чиқадиган «Авиация ва космонавтика» журналининг муҳаррири В.Горков 1981 йилда менга ёзган мактубдаги «Ҳар бир касбнинг ўз юлдузи бор. Уни яхши кўриш ва муваффақиятга ишониш керак, шунда юлдузларнинг ўзи ҳузурингга келади», деган сўзларига амал қилдим-да, Тошкент Политехника институтининг Тоғ-Металлургия факультетига ўқишга кирдим. Лекин юлдузлар соғинчи мени сира қўйиб юбормасди. Шу боис ҳам фантаст-ёзувчи сифатида адабиётга кириб келдим. Майли, юлдузлар сарҳадига етиб бора олмаган бўлсам-да, ҳозир юлдузларнинг ўзлари ҳузуримга меҳмонга келишяпти...
Алишер Нарзулло суҳбатлашди