Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Унга кўра, жорий йилнинг 11-15 январь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида “Abu Dhabi Sustainability Week 2026” халқаро форуми бўлиб ўтди.
Халқаро анжуманда дунёнинг 150 дан ортиқ давлатларидан давлат органлари вакиллари, йирик компаниялар ҳамда молия институтлари раҳбарлари иштирок этиб, “яшил” иқтисодиёт, иқлим молияси масалаларини муҳокама қилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Бирлашган Араб Амирликлари Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий ҳамда “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий иштирок этди.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, “Masdar” ҳамда “Emirates Utilities Development Company” (EUDC) ўртасида Ўзбекистонда 24/7 режимида ишлайдиган, узлуксиз равишда 1 гигаваттгача базавий юклама қувватини таъминлайдиган лойиҳани ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Ҳамкорлик ҳужжатлари “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамияти, “Masdar” ҳамда “EtihadWater & Electricity” компанияси томонидан имзоланди.
Лойиҳа доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида сутка давомида узлуксиз ишлайдиган, 1 гигаваттгача (ГВт) қувват етказиб берувчи тизимни шакллантириш назарда тутилмоқда. Бу эса энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд узилишлар муаммосини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай форматдаги лойиҳалар қайта тикланувчи энергетика соҳасида янги босқични бошлаб беради. Шу билан бирга, у жаҳон бозорида рақобатбардош тарифлар асосида катта ҳажмда базавий қувват ишлаб чиқариш имконини яратиб, ишончли ва экологик тоза энергияга бўлган ўсиб бораётган талабни қондиришда халқаро миқёсда жорий этилиши мумкин бўлган илғор намуна сифатида хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА