Абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳондан ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган давлат университетида 2026/2027 ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳонлар давом этмоқда.
Университетда 13 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 10 июль куни бошланган бўлиб, 16 июлга қадар давом этади. Касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этиш учун республикамизнинг барча ҳудудларидан жами 841 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Имтиҳонлар университет томонидан олдиндан тасдиқланган тартиб ва регламент асосида, адолат ва шаффофлик тамойилларига қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилди. Жараённи юқори савияда ўтказилишини таъминлаш мақсадида университет раҳбарияти томонидан барча зарур ташкилий ҳамда техник чоралар кўрилган.
[gallery-30383]
Ижодий йўналишлар бўйича синовлар мослаштирилган аудиториялар, ижодий устахоналар ҳамда санъат таълими учун махсус жиҳозланган хоналарда ўтказилмоқда. Имтиҳон жараёнида рўйхатга олиш, кузатув ва мониторинг тартибларига қатъий амал қилинмоқда. Шунингдек, абитуриентларнинг ота-оналари ва ҳамроҳлари учун қулай кутиш майдончалари ташкил этилиб, зарур шарт-шароитлар яратилди.
Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида Наманган давлат университети томонидан live.namdu.uz манзили орқали касбий (ижодий) имтиҳонларни онлайн кузатиш имконияти ҳам йўлга қўйилди. Мазкур тизим ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликка имтиҳон жараёнларини бевосита кузатиш, баҳолаш мезонларининг адолатли ва холис амалга оширилаётганига ишонч ҳосил қилиш имконини бермоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА