Аҳоли бандлиги – доимий назоратда
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда меҳнатга лаёқатли шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 141 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда меҳнатга лаёқатли шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 141 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Улардан 88 мингдан ортиғи ёки 62,6 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келмоқда.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларининг ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссиялари раислари иштирокида “2015 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш” дастури ижроси юзасидан ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё.Умаров, Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.Абдуҳакимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида янги иш ўринлари яратилаётгани, бандликнинг самарали шакллари ривожлантирилаётгани, меҳнат бозорида фаол ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Йиғилишда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун, “2015 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш” дастури ҳамда соҳага оид бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялар ва депутатларнинг ролини янада оширишга эътибор қаратилди.
Доимий комиссиялар йиғилишларида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ижро қилишда давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш, ушбу масалаларни халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг сессиялари муҳокамасига киритиш амалиётини такомиллаштириш борасида олдинда турган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2014 йил 22 октябрдаги “2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида”ги қарорида назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш белгиланган эди. Тошкент вилоятида олиб борилган ўрганишларга кўра, дастур ижроси 103 фоиздан ошган. Бироқ, бу борада айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жойларда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва доимий комиссияларнинг депутатлик назоратини амалга ошириш борасидаги имкониятларидан самарали фойдаланилмаган.
Тадбирда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун ва соҳага оид бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни такомиллаштириш, мавжуд муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.