7 май — Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни
Бугун дунёда қайси давлат рақамли технологияларга таянса, ўша жамият тезроқ ривожланмоқда. Чунки технология энди фақат интернет ёки дастур эмас — у иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, хавфсизлик ва давлат бошқарувининг муҳим қисмига айланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам рақамлаштириш йўналишида катта қадамлар ташланмоқда. Давлат хизматларининг электрон шаклга ўтаётгани, IT-Парклар, стартаплар, сунъий интеллект, дата марказлар ва рақамли платформалар сони ортиб бораётгани бу соҳадаги ўзгаришларнинг амалий натижаси.
Энг муҳими, бугун ахборот технологиялари соҳаси ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Илгари фақат хорижда мавжуд деб қаралган кўплаб IT касблар эндиликда мамлакатимизда ҳам ривожланяпти. Дастурчи, киберхавфсизлик мутахассиси, график дизайнер, AI муҳандиси каби касблар янги авлод танловига айланмоқда.
Албатта, рақамли тараққиёт фақат техника билан эмас, инсон капитали билан белгиланади. Шу боис бугун соҳада билимли, ташаббускор ва замон билан ҳамнафас кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан юқори.
7 май — Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни нафақат касб эгалари байрами, балки мамлакатнинг рақамли келажагини яратаётган инсонлар меҳнатига берилган эътирофдир.
Н.Раҳмонова,
ЎзА