6 ой мобайнида 814 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилди
Ўз уйига эга бўлиш — ҳар бир оиланинг энг эзгу орзуларидан бири. Бугунги кунда давлат томонидан ажратилаётган ипотека кредитлари ва манзилли субсидиялар ушбу орзуни ҳақиқатга айлантиришда муҳим таянч бўлмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026 йилнинг I ярим йиллик якунлари шуни кўрсатадики, мамлакатимизда минглаб оилалар айнан давлат кўмаги билан ўз бошпанасига эга бўлди.
Хўш, ўтган олти ой давомида ипотека бозорида қандай ўзгаришлар юз берди ва энг кўп кредит қайси ҳудудларга тўғри келмоқда?
Уй-жой олишдаги дастлабки бадал ва юқори фоиз ставкалари кўплаб оилалар учун жиддий масала бўлиб келган. Айнан шу боис, давлат томонидан ажратилаётган беғараз субсидиялар ва бюджет маблағлари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига катта енгиллик яратмоқда. 2026 йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 814 миллиард сўмдан ортиқ субсидия тўлаб берилгани бунинг ёрқин исботидир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида республика бўйича 13 триллион 75,1 миллиард сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Шундан 8 триллион 117,7 миллиард сўми ёки қарийб 62 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилди.

Қайд этилишича ушбу даврда 42 минг 575 нафар фуқаро ипотека кредити олган бўлса, уларнинг 26 минг 289 нафари давлат маблағлари орқали уй-жой билан таъминланди.
Бу рақамлар ипотека тизимида давлат иштирокининг ҳануз юқори эканини кўрсатади. Бир томондан, бу аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондиришга хизмат қилса, иккинчи томондан қурилиш соҳаси, қурилиш материаллари саноати, банк тизими ва хизматлар бозорида иқтисодий фаолликни рағбатлантирмоқда.
Ипотека дастурининг энг муҳим жиҳатларидан бири — давлат субсидиялари ҳисобланади. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 814,2 миллиард сўм субсидия тўлаб берилди. Унинг 263,7 миллиард сўми бошланғич бадални қоплашга, 550,5 миллиард сўми эса ипотека кредитлари бўйича фоиз харажатларини компенсация қилишга йўналтирилди.
Бу механизм, аввало, ёш оилалар, кам ва ўрта даромадли аҳоли учун уй-жой сотиб олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Чунки ипотека олишдаги энг катта тўсиқлардан бири — бошланғич бадал ва юқори фоиз тўловлари.

Бугунги кунда ипотека кредити ҳудудларда ўртача 300,1 миллион сўмни, Тошкент шаҳрида эса 353 миллион сўмни ташкил этган. Максимал кредит миқдори эса ҳудудга қараб 380 миллион сўмдан 480 миллион сўмгача белгиланган.
Бу эса уй-жой бозорида нархлар ўсиши сақланиб қолаётганини ҳам англатади. Шу сабабли давлат томонидан субсидиялаш механизмларини сақлаб қолиш аҳолининг тўлов қобилиятини қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Ипотека бозорида давлат маблағлари билан бир қаторда тижорат банкларининг ҳам иштироки ортиб бормоқда. Ўз маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш бўйича етакчиликни Ўзсаноатқурилишбанк, Миллий банк, Асакабанк, Микрокредитбанк, Халқ банки эгаллади. Субсидияли ипотека кредитлари бўйича эса энг юқори улуш Бизнесни ривожлантириш банки 60 фоизни, Ипотека-банк эса 54 фоизни ташкил этган бўлса, Туронбанк 52 фоиз, Агробанк 49 фоизни, Алоқабанк 46 фоизни ташкил этди. Бу рақамлар ипотека бозорида банклар ўртасида рақобат кучайиб бораётганини ва аҳоли учун турли молиявий маҳсулотлар таклиф этилаётганини англатади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан энг кўп ипотека кредити Тошкент шаҳрига ажратилган бўлиб 1,18 триллион сўм, Андижон вилоятига эса 1 триллион сўм, Қашқадарё вилоятига 791,6 миллиард сўм, Сурхондарё вилоятига эса 738,5 миллиард сўм, Фарғона вилоятига 708,6 миллиард сўм тўғри келди. Субсидиялардан фойдаланиш даражаси бўйича эса Хоразм, Наманган, Жиззах, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари етакчилик қилди. Бу ҳудудларда аҳолининг ипотекага бўлган талаби юқори эканини ҳамда давлат қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланилаётганини кўрсатади.
Таҳлилларга кўра, ипотека кредити ҳисобидан сотиб олинган хонадонларнинг ўртача майдони ҳудудларда 57,85 кв.м, Тошкент шаҳрида 58,40 кв.мни ташкил этган. Бу аҳолининг асосан икки ва уч хонали, нисбатан ихчам ҳамда иқтисодий жиҳатдан мақбул уй-жойларни танлаётганини англатади.
Ипотека бозори иқтисодиётнинг бир нечта тармоқларини бир вақтнинг ўзида ҳаракатга келтиради. Ипотека кредитлари қурилиш соҳасида янги лойиҳаларни рағбатлантирса, цемент, металл, мебель, маиший техника ва бошқа ўнлаб тармоқларда талабни оширади. Бу эса иш ўринлари яратилиши, солиқ тушумлари кўпайиши ва ички бозор фаоллигининг ортишига хизмат қилади.
Бироқ, иқтисодчилар фикрича, келгусида давлат маблағлари улушини босқичма-босқич қисқартириб, хусусий ипотека молиялаштириш бозорини ривожлантириш, ипотека облигациялари ва узоқ муддатли ресурслар бозорини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу бюджетга тушадиган юкни камайтириш билан бирга, ипотека бозорининг барқарорлигини таъминлайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари ипотека сиёсати аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш билан бирга мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айланганини кўрсатди. Давлат бюджети ҳисобидан ажратилаётган маблағлар ва субсидиялар минглаб оилаларнинг уй-жойли бўлишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ипотека бозорининг узоқ муддатли барқарор ривожланиши давлат қўллаб-қувватлаши билан бир қаторда хусусий капитал иштирокини кенгайтириш, молия бозорини чуқурлаштириш ва рақобат муҳитини кучайтиришга ҳам боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА