5G технологиялари бўйича халқаро амалий машғулотлар йўлга қўйилмоқда
Ўзбекистонда 5G технологиялари бўйича илк йирик лойиҳа старт олди. Халқаро ҳамкорликда амалга оширилаётган бу ташаббус мамлакатнинг келажак авлод алоқа соҳасидаги салоҳиятини оширишга қай даражада хизмат қилади?
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот Учинчи ренессанс учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоғи шарт. Шундагина давлатимиз раҳбари илгари сураётган муқаддас ғоя ўзининг мевасини беради. Шунинг учун ҳам бунда таълимга таяниш ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим саналади.
Ана шундай эътибор ва имкониятлар самараси ўлароқ, Ўзбекистонда илк бор Тошкент давлат транспорт университетида Хитойнинг сAutomobile Engineering Professional College ва Xinyada Information Technology компанияси муҳандислик-техник жамоаси билан ҳамкорликда 5G технологиялари бўйича workshop ташкил этилмоқда.
Қарийб 1,5 йиллик тайёргарлик натижасида амалга оширилаётган лойиҳа халқаро грант маблағлари асосида янги авлод алоқа технологиялари, радиоэлектроника ва телекоммуникация соҳалари учун замонавий ўқув-амалий муҳит яратишга қаратилган.
Workshop доирасида талабалар икки асосий йўналиш — 5G база станцияларини қуриш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек 5G тармоқларини оптималлаштириш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлади. Бундан ташқари машғулотларда виртуал симуляция платформаларидан ҳам фойдаланилади.
Лойиҳа доирасида хитой ва инглиз тилларидаги виртуал симуляция платформалари, икки тилли ўқув материаллари ҳамда рақамли таълим ресурслари жорий этилади.
Шунингдек, ТДТУ профессор-ўқитувчилари учун 144 соатлик махсус малака ошириш дастури ташкил этилиб, улар 5G технологиялари ва замонавий ўқитиш методикаларини ўзлаштиради.
Лойиҳа доирасида яратилган техник жиҳозлар, компьютер тизимлари ва виртуал платформалар университетда доимий фойдаланиш учун қолади. Бу эса 5Г технологиялари бўйича мутахассислар тайёрлаш учун ТДТУда узоқ муддатли ўқув-амалий базани шакллантириш имконини беради.
Шербек Исломов, ЎзА