34 кг.дан ортиқ наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ” бозори ёнида шубҳали тарзда тўхтаб турган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи, 1968 й.т., муқаддам судланган шахс бошқарувидаги автомашинада 1984 йилда Денов шаҳрида туғилган, ҳозирда пойтахтда истиқомат қилувчи фуқаро ҳам борлиги маълум бўлди.
Шунингдек, автомашина салонида бўлган елим идиш ичида 30 дона ўрамда жами 34 кг 610 гр оғир турдаги гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 12 кг 960 гр “опий” ва 21 кг 650 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Таъкидлаш лозим, бундай турдаги гиёҳвандлик воситалари мамлакатимизга хориждан контрабанда йўли билан олиб келинади.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари доирасида уларнинг жиноий шерикларининг шахсини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.