307 та трансформатор пункти тўлиқ янгиланган ҳолда фойдаланишга топширилди
Жорий йилда мамлакат ҳудудларида электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд қувватларни кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларни барқарор электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 35-500 кВ кучланишли магистрал электр тармоқларини модернизация қилиш дастури доирасида 2 минг 290 километр электр узатиш линияларини янгилаш, 92 та подстанцияни модернизация қилиш ҳамда қўшимча 2 123 МВА қувват ўтказувчанлигини яратиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, 0,4-10 кВ кучланишли тақсимлаш тармоқларини янгилаш дастури асосида 9 минг 168 километр электр тармоқлари реконструкция қилиниши, 33 та подстанция ҳамда 2 минг 304 та трансформатор пунктлари янгиланиши белгиланган.
Айни пайтда республика бўйлаб 92 та подстанцияда қурилиш ва модернизация ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, 35 та подстанцияда трансформаторлар қуввати оширилиб, қўшимча 325 МВА қувват яратилди. Бундан ташқари, 35-110 кВ кучланишли 315 километр электр узатиш тармоқлари янгиланди. Шунингдек, 1 минг 226 километр электр тармоқлари модернизация қилиниб, 307 та трансформатор пунктлари тўлиқ янгиланган ҳолда фойдаланишга топширилди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, амалга оширилаётган мазкур ишлар электр таъминоти барқарорлигини ошириш, энергия йўқотишларини қисқартириш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА