22 сентябрь — Халқаро автомобилсиз ҳаракатланиш куни
Ер сайёрасида атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланиб бориши, иқлим ўзгариши, табиий муҳитларнинг камайиши каби ўткир экологик муаммолар инсониятни табиат билан ҳисоблашишга, уни асраш учун зарур чораларни кўришга чорламоқда.
Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Халқаро автомобилсиз ҳаракатланиш кунидир. Ушбу ғоя кеча ёки бугун пайдо бўлмаган. Маълумотларга кўра, 1950 йилларнинг ўзида айрим мамлакатларда автомобилсиз кунлар ташкил этилган. Масалан, 1956–1957 йилларда Нидерландия ва Бельгияда автомобилсиз якшанбалар ўтказилган. Кейинчалик 1990 йилларда Европанинг турли шаҳарларида бундай ташаббуслар яна оммалаша бошлади.
1999 йилда Европада халқаро автомобилсиз куннинг дастлабки лойиҳаларидан бири амалга оширилди. 2000 йил 22 сентябрда эса Европа автомобилсиз куни кенг миқёсда ўтказилди. Кейинчалик бу ташаббус Европадан ташқаридаги кўплаб мамлакат ва шаҳарларга ҳам тарқалди.
Шу тариқа Халқаро автомобилсиз ҳаракатланиш куни ёки Бутунжаҳон автомобилсиз куни ҳар йили 22 сентябрь куни нишонланиши анъанага айланиб бормоқда. Бу куннинг асосий ғояси — одамларни ҳеч бўлмаганда бир кун автомобилдан камроқ фойдаланишга, унинг ўрнига пиёда юриш, велосипед, метро, автобус ва бошқа экологик транспорт воситаларидан фойдаланишга ундашдир. Шу орқали атмосфера мусаффолигига ҳисса қўшиш, табиатни асрашга кўмаклашиш мақсад қилинган.
Олимларнинг таҳлилий маълумотларига кўра, атмосфера ҳавосига чиқариладиган заҳарли газларнинг катта қисми автотранспортлар ҳиссасига тўғри келади. Биргина Тошкент шаҳрида бир кунда 700 мингга яқин автомобиль ҳаракатланади. Пойтахт атмосферасига чиқариладиган заҳарли газларнинг 93 фоизи айни шу автомобиллардан чиқади. Автомобиллар ёнилғи ёқиши натижасида атмосферага турли зарарли моддаларни чиқаради. Автомобиллар сонининг камайиши эса транспортдан чиқадиган чиқиндиларни камайтиришга ёрдам беради.
Демак, бир кун бўлса-да, автомобилсиз, пиёда юрсак, велосипед ёки жамоат транспортларидан фойдалансак, она табиатимизни, атмосфера ҳавосини жуда катта заҳарланишдан асраган бўламиз.
Бундан ташқари, пиёда юриш ва велосипедда ҳаракатланиш кундалик жисмоний фаолликни оширади. Шу сабабли автомобилсиз кун фаол ҳаёт тарзига эътибор қаратиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун ҳам имконият яратади.
Катта шаҳарларда автомобиллар кўплиги тирбандликни кучайтиради. Автомобилдан камроқ фойдаланиш эса йўллардаги транспорт босимини камайтиради.

Автомобиллар нафақат ҳавони ифлослантиради, балки шаҳар шовқинининг ҳам муҳим манбаларидан бири ҳисобланади. Автомобилсиз ҳудудларда эса шовқин кам, кўчалар одамлар учун сокин ва қулайроқ бўлади.
Ушбу халқаро санада турли мамлакат ва шаҳарларда пиёда юриш акциялари, велосипед сайрлари, жамоат транспортидан фойдаланишни тарғиб қилиш, айрим кўчаларни автомобиллар учун вақтинча ёпиш, экологик акциялар, спорт тадбирлари, болалар ва ёшлар учун экологик машғулотлар, очиқ ҳавода маданий тадбирлар, шаҳар муҳитини яхшилаш бўйича лойиҳалар ташкил қилинади.
Мамлакатимизда ҳам автомобилсиз кун ташаббусига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб келинмоқда.
Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади автотранспорт воситаларидан атмосферага чиқариладиган зарарли ташламаларни камайтириш, экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни рағбатлантиришдан иборат.
Бир сўз билан айтганда, Халқаро автомобилсиз ҳаракатланиш куни экологик ва ижтимоий ташаббус сифатида одамларни автомобилдан камроқ фойдаланиш ва пиёда юриш, велосипед ҳамда жамоат транспорти каби барқарор ҳаракатланиш усулларини танлашга чақиради. Бизнинг бу танловимиз эса ҳаво сифати, табиат мусаффолиги, шаҳар шовқини, тирбандлик каби масалаларга ўз таъсирини кўрсатади. Ҳавони ифлосланишдан ҳимоя қилиш аҳоли саломатлигини асраб-авайлашга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА