2030 йил 31 декабрга қадар хорижий давлатлардан таклиф этиладиган туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳада лойиҳа бошқаруви тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда:
а) 2030 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга туристларни жалб қилиш мақсадида хорижий давлатлардан таклиф этиладиган туроператорлар вакилларининг транспорт, яшаш ва овқатланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади;
б) маҳаллий туроператорларнинг мамлакатимизга хорижий сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган хориждаги тарғибот тадбирлари харажатларининг 25 фоизигача, бироқ 500 миллион сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади;
в) хусусий тадбиркорларнинг сайёҳлар учун маданий-оммавий ва концерт-томоша ҳамда маданий тадбирларни аниқ белгиланган ҳудуд ва жадвал асосида йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларини бир йилгача муайян қисмини молиялаштириш тартиби жорий этилади. Бунда тадбиркорлар томонидан ушбу тадбирларни ташкил этишни босқичма-босқич ўзи қоплаш шарти билан молиялаштириш чегараси Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши томонидан белгиланади.
Туризм қўмитаси:
а) Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили режа асосида маҳаллий ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этган ҳолда туризм соҳаси субъектлари учун амалий ўқув курсларини ташкил этиб боради;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туризм бошқармаларининг расмий ахборот ресурсларини аутсорсинг асосида юритишни ташкил этади, шунингдек, туризм лойиҳалари ва туристик манзилларнинг тарғиботини тизимли равишда амалга ошириб боради;
в) уч ой муддатда ушбу қарорда назарда тутилган тартиб-таомилларни амалга ошириш тартибини белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Транспорт вазирлиги:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Туризм қўмитаси билан биргаликда жорий йил якунига қадар туристик шаҳарларда жамоат транспорти қатновлари сонини оширади ҳамда туризм соҳасида навигация тизимининг ахборот белгиларини, биринчи навбатда, йирик туристик йўналишларда инглиз тилида ўрнатади;
б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Туризм қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:
авиақатновларнинг узлуксизлиги ҳамда иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида туристик оқими паст бўлган хорижий мамлакатлардан авиақатновларни амалга оширган авиакомпаниялар харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш;
Термиз-Истанбул-Термиз, Термиз-Дубай-Термиз, Андижон-Бухоро-Андижон, Тошкент-Бухоро-Сариосиё ҳамда Шаҳрисабз-Урганч-Нукус-Шаҳрисабз йўналишларида авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича таклиф киритади.
Мазкур қарор билан:
а) 2026-2030 йилларда туристик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд жами майдони 1 263 гектар бўлган 30 та истиқболли ер участкаларининг манзилли рўйхати;
б) 2026-2027 йилларда ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва туристик салоҳиятни ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
в) 2026-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режалари тасдиқланди.
ЎзА