Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон — 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт” йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2025 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот берди.
Бош вазир ўринбосари қайд этганидек, ҳукумат томонидан вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда Давлат дастури ижросини ўз вақтида ва тизимли ташкил этиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида парламент билан самарали ҳамкорлик ташкил этилган.
Ўтган даврда Давлат дастури доирасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жами 226 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 та ҳужжати, ҳукуматнинг 14 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 3 та қарори ҳамда 177 та бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Ҳисобот даврида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлар доирасида 134 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 1 минг 187 та оилавий, 135 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, болаларнинг мактабгача таълимга қамраб олиниши 78 фоизга етказилган.

Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улардан 331 минг нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, 403 минг нафар аёлга 22,7 триллион сўм кредит ажратилган. “Аёллар дафтари”га киритилган 634,6 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. “Ёшлар дафтари” орқали 74,3 минг нафар ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 216,1 миллиард сўм йўналтирилган. Ишсиз ва бизнесини бошлаш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар бандлиги дастури” асосида 414,6 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакаларини ривожлантириш борасида 306,7 минг нафар ишсизлар касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушган. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқарилган бўлса, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланган.
Аҳолини тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 ёшдан ошган 9 миллион аҳоли юрак-қон томир касалликлари ҳамда 10 миллион аҳоли қандли диабет касалликлари бўйича скрининг текширувидан ўтказилган.
Ўтган йил давомида мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этиб, макроиқтисодий ўсиш таъминланган. Хусусан, 2025 йилда ялпи ички маҳсулот 107,7 фоизга ошиб, 147,1 миллиард АҚШ долларига етган. Экспорт илк бор 33,8 миллиард долларга етган. Жами қиймати 43,1 миллиард АҚШ доллари бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 124 фоиз ўсишга эришилган. Олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард АҚШ долларидан ошган.
2025 йилда сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари доирасида 14 та ҳудудда ичимлик сув сифатини мониторинг қилувчи марказий лабораториялар ташкил этилиб, намуна олиш пунктлари сони 220 мингтага етказилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса баҳор мавсумида 265 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Республика бўйича 155 та туман ва шаҳарларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” яратилиб, 251 минг гектар “яшил қоплама”лар ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА