20 июль – Халқаро шахмат куни
Шахмат халқимиз орасида қадрият даражасидаги ардоқли ўйин спорт тури ҳисобланади. Мамлакатимиздаги деярли барча маҳаллада, қишлоқ ва аҳоли манзилларида “ақл гимнастикаси"га қизиқадиганлар, халқаро майдонда кечаётган шахмат мусобақаларининг натижаларини кузатиб борадиган, таҳлил қиладиган ишқибозлар кўпчиликни ташкил этади.
Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон шахматида мисли кўрилмаган юксалишларга эришилди. Юртимиз бўйлаб ташкил этилаётган турли даражадаги оммавий мусобақалар, машғулотлар натижасида иқтидорли шахматчилар сони ортди. Халқаро майдондаги кўрсаткичларимиз янада яхшиланди.
Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори, қабул қилинган ўнлаб қарор ва фармойишлар, ишлаб чиқилган дастурлар натижасида мамлакатимизда шахмат устувор спорт турлари мақомига кўтарилди. Чемпионлар, гроссмейстерлик талабини бажарган, номзодлик остонасида турган ёш талантлар сафи тўрт-беш ҳисса ортди.

Ватанимиз ёшларининг интеллектуал салоҳияти, фикрлаш қобилияти юксаклигини дунёга намойиш этган Жавоҳир Синдоров ўтган йили Жаҳон кубогини қўлга киритиши асносида жорий йилги Номзодлар турнирида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Унинг жаҳон шахмат тожи учун амалдаги чемпион ҳиндистонлик Доммараджу Гукешга қарши дона суриш ҳуқуқини қўлга киритгани нафақат шахмат оламининг, балки жаҳон тафаккур дунёсининг баланд минбарларида эътироф этилди.
Биринчи рақамли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов 2022 йили Ченнайда ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида терма жамоа сардори сифатида Ўзбекистоннинг олтин медалларга эга чиқишига беқиёс ҳисса қўшди.
Абдусатторовнинг жорий йилнинг ўзида кетма-кет иккита нуфузли мусобақа саналган “Tata Steel Masters” ва “Prague Masters” турнирларида ғолибликни қўлга киритгани, шунингдек, ўнлаб ёшларимизнинг қитъа ва жаҳон чемпионатларида, халқаро мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаб келаётгани ўзбекистонлик шахматчилар бугунги санани муносиб қаршилаётганидан далолат.
Жорий йилнинг 15–28 сентябрь кунлари 200 га яқин терма жамоалар иштирокида Самарқандда ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси Ўзбекистон шахматнинг халқаро ривожига беқиёс ҳисса қўшаётганининг амалий ифодасидир. Шунингдек, бу шахмат спорт турининг халқаро ривожи Янги Ўзбекистонда янги босқичга кўтарилишига мустаҳкам замин тайёрланаётганидан далолат .
Т.Рўзиев, ЎзА