2 минг йил аввалги “компьютер” олимларни ҳайратга солмoқда
1901 йили Грециянинг Антикитера ороли яқинида сувга ғарқ бўлган қадимги Рим кемаси қолдиқлари орасидан илк қарашда оддий бронза бўлагига ўхшаган буюм топилган эди. Кейинги тадқиқотлар унинг милоддан аввалги II-I асрларда яратилган мураккаб механик қурилма эканини кўрсатди. Бугун ушбу ихтиро Қуёш ва Ой ҳаракати ҳамда осмон жисмлари жойлашувини ҳисоблай олган тарихдаги илк аналог компьютер сифатида эътироф этилмоқда.
Ҳозирда Афинадаги Миллий археология музейида сақланаётган механизм қўлда ҳаракатлантириладиган ўттиздан ортиқ бронза тишли ғилдиракдан ташкил топган. У Ой фазаларини кўрсатиш, Метон цикли (19 йиллик астрономик давр), Сарос цикли (Қуёш ва Ой тутилишларининг такрорланиш даври) ҳамда қадимги юнон спорт мусобақалари тақвимини ҳисоблаш имконига эга бўлган. Айрим олимлар қурилма Архимед мактабига алоқадор муҳандислар томонидан ишланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, бироқ бу ҳозирча исботланган эмас.
Қурилманинг ҳақиқий вазифасини аниқлаш осон кечмади. Денгиз сувида қаттиқ емирилган 82 бўлакни ўрганиш учун ўнлаб йиллар сарфланган, рентген ва гамма-нурлар ёрдамида унинг ички тузилиши тикланган. Тадқиқотлар натижасида баъзи ғилдиракларда 127 ва ҳатто 235 тагача тиш мавжудлиги аниқланиб, бу даражадаги муҳандислик аниқлиги илмий жамоатчиликни ҳайратга солмоқда.

Шу билан бирга, механизм ҳақидаги барча саволларга ҳали тўлиқ жавоб топилгани йўқ. Айрим моделлаштиришлар Марс сайёрасининг ўрнини ҳисоблашда маълум даражада хатолик бўлганини кўрсатса, бошқа тадқиқотлар эса ҳатто жуда кичик ишлаб чиқариш нуқсони қурилманинг ишдан чиқишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Шунга қарамай, Антикитера механизми қадимги юнонлар илм-фан ва муҳандислик соҳасида ўз давридан анча илгарилаб кетганини намоён этувчи энг ноёб археологик топилмалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА