“2+6”: хорижий тилларни ўрганишга янги имконият
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларнинг хорижий тилларни мукаммал эгаллаши, халқаро сертификатлар олиши ва глобал меҳнат ҳамда таълим бозорида рақобатбардош бўлиши учун кенг кўламли имкониятлар ва тизимли дастурлар яратилган.
Хусусан, агентлик томонидан ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган “2+6” лойиҳаси ўз натижаларини бермоқда.
Лойиҳа доирасида пойтахтимиздаги етакчи таълим муассасаларидан бири “IELTS ZONE” ўқув маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу масканда 150 нафардан ортиқ ёшлар давлат томонидан ажратилган субсидия асосида хорижий тилларни ўрганмоқда.
Ёшлар дастлабки 2 ой давомида синов ва саралаш босқичидан ўтади. Ушбу босқични муваффақиятли якунлаган иштирокчиларга кейинги 6 ой давомида таълим харажатларини давлат томонидан қоплаш имконияти тақдим этилади.
Лойиҳа орқали ёшлар хорижий тилларни ўрганиш имкониятига эга бўлади, таълим харажатларини қоплаш учун давлат субсидиясидан фойдаланади, билим ва кўникмаларини ривожлантиради ҳамда кейинги таълим ва касбий имкониятларга тайёргарлик кўради.
Г.Бобоева,ЎзА