“19th Agzamov Memorial” турнирида ғолиб ва совриндорлар аниқланди
Пойтахтимизда ўн кун давомида маҳоратли шахматчилар иштирокида ўтказилган “19th Agzamov Memorial” турнирининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Шиддатли ўтган мусобақанинг “А” гуруҳида иштирок этган 101 нафар иштирокчи орасида турнирда биринчи рақамда таснифланган арманистонлик Хайк Мартиросян кутилганидек етакчиликни сақлаб қолди.

Сўнгги 10-турда Мартиросян ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланган Никита Афанасев билан куч синашиб, дурангга эришди ва очколари сонини 7,5 тага етказиб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига турнир ғолибига айланди.
Айтиш лозим, Арманистон вакили 10 та тур давомида 5 та ғалаба, 5 та дуранг натижа қайд этди. 2-ўринни банд этган ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашган Артём Усков охирги турда қора доналарда ҳиндистонлик Абхиманью Пураникни мағлуб этди.

3-ўрин Абдумалик Абдусалимовга насиб этди. Суяров, ўз навбатида 7 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 6-ўринни банд қилди.
Турнирнинг “Б” гуруҳида дона сурган 229 нафар иштирокчи орасида қирғизистонлик Султай Чингис 8,5 очко билан 1-ўринни, шунингдек 8,5 очко жамғарган ҳамюртимиз Умар Исомов 2-ўринни ҳамда 8 очко тўплаган Жанполат Турксои (Қирғизистон) 3-ўринни қўлга киритди.

Турнирнинг “А” гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 10 минг, 2-ўрин соҳиби 7 минг 500 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчи 6 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Шунингдек, ушбу гуруҳда 15-поғонагача ҳамда “Б” гуруҳида совринли ўринларни эгаллаган иштирокчилар, аёллар ҳамда ёшлар тоифасида муносиб натижа қайд этганлар тегишли тартибда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА