13 соатлик синов: Жанубий Кореяда абитуриентлар имтиҳонни қандай топширади?
Ҳар йили ноябрь ойида Жанубий Кореяда вақт секинлашиб қолгандек туюлади – дўконлар эртароқ ёпилади, рейслар кечиктирилади, шаҳарлар жимжитликка чўкади. Бунинг сабаби — мамлакат ёшларининг ҳаёт йўлини белгиловчи Suneung (CSAT) имтиҳони, десак янглишмаймиз.
Аксар ўқувчилар учун бу 8 соатлик марафон бўлса, кўзи ожиз абитуриентлар имтиҳонни 12–13 соат давомида топширади. Улар учун тест вақти 1,7 баравар узайтирилади, имтиҳон эса кечки соат 22:00 га яқин тугайди. Энг қийин томони — кечки овқат учун танаффус йўқлиги, брайл алифбосидаги тестлар ҳажми катта бўлиши ва бир вақтнинг ўзида бармоқлар ва эшитиш сезгиси билан ишлашга тўғри келишидир.

Ўлка бўйлаб миллионлаб ўқувчилар таянадиган илмий дарсликлар, қўшимча тестлар ва онлайн маърузалар брайл форматида етишмайди. “EBS” томонидан чиқариладиган расмий тайёрлов китобларининг брайл муқобили эса кўпинча имтиҳонга уч ой қолганида чиқади. Бу вақтга келиб кўзи ожиз ўқувчилар катта ҳажмли материаллардан фойдаланишда физиологик жиҳатдан улгурмайди.

Брайл китоблар одатий нусхадан тўққиз баравар қалин бўлади, график ва жадвални бармоқлар билан тушуниш эса математикадан тортиб адабиётгача — ҳар бир бўлимни янада мураккаблаштиради.
Кўпчилик ушбу ўқувчиларнинг чидамини «ҳайратланарли» деб ҳисоблайди: соатлаб нуқталарни бармоқлар билан босиб ўқиш қўл учларини оғритади, бироқ улар ҳаракатдан асло тўхтамайди. Кўзи ожиз ўқувчилар учун Suneung шунчаки имтиҳон эмас, бу — йиллар давомида йиғилган меҳнатни исботлаш, сабр ва ироданинг ҳам синови.
Мусулмон Зиё, ЎзА