11 ёшли ўзбек қизи яна бир халқаро ютуққа эришди
Бугунги кунда юзлаб ёшларимиз ўз билими ва зукколиги билан ватанимиз довруғини жаҳонга танитмоқда.
Ясмина ҳам ана шундай истеъдодли ёшлардан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Yoshlar ovozi” республика танлови ғолиби, шунингдек, Италия ва Беларусь Республикасида ўтказилган нуфузли кўрик-танловларда икки карра Гран-при соҳибаси бўлган Ясмина Ҳусниддинова ўзининг навбатдаги улкан ютуғини қўлга киритди.

Буюк Британиянинг энг машҳур “Britain’s Got Talent” телелойиҳасида иштирок этган 11 ёшли ватандошимиз ўзининг бетакрор вокал маҳорати билан ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.

Устозларининг қайд этишича, Ясминанинг машҳур “Never Enough” асарини юксак бадиий савияда ижро этиши — бу шунчаки иқтидор эмас, балки тинимсиз меҳнат, ўз устида ишлаш ва ўз кучига бўлган қатъий ишонч натижаси.
Гулноза Бобоева,
ЎзА