11 нафар сирдарёлик устоз ғолиблар қаторидан жой олишди
Ўзбекистонда илк бор ўтказилган «Йил ўқитувчиси» республика танловида Сирдарё вилоятидан 11 нафар, республика бўйича эса 208 нафар педагог ғолиб бўлди. 46 мингдан ортиқ ўқитувчи иштирок этган беллашувда сирдарёлик устозлар касбий билим ва маҳорати, илғор тажрибаси ҳамда таълим жараёнидаги натижалари билан юқори натижаларни қайд этишди.
Сирдарёда ҳам танловнинг вилоят босқичи юқори рақобат муҳитида ўтказилди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан саралаб олинган 22 нафар педагог уч кун давомида ўз касбий салоҳияти, дарс ўтиш маҳоратлари ва илғор тажрибаларини намойиш этди.
Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти Педагогик маҳорат марказида ташкил этилган беллашувда иштирокчилар бир нечта йўналиш бўйича синовдан ўтказилди. Уларнинг дарс ўтиш маҳорати, замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш кўникмаси, маънавий-маърифий фаолияти, китобхонлик маданияти ҳамда иш тажрибасида эришган натижалари баҳоланди.
Танловнинг вилоят босқичига қадар иштирокчилар бир неча саралаш жараёнидан ўтди. Дастлаб педагогларнинг малака тоифаси натижалари инобатга олинган бўлса, кейинги синовларда уларнинг касбий билими ва амалий кўникмаларига эътибор қаратилди. Якуний босқичда эса ўқитувчилар ўз фаолиятида қўллаган инновацион ёндашувлари, амалга оширган ишлари ва эришган натижалари ҳақида тақдимот қилди.
Беллашувнинг муҳим синовларидан бири китобхонлик бўйича тест жараёни бўлди. Иштирокчиларга тавсия этилган 21 та манба асосида саволлар берилди. Уларнинг 16 тасини бадиий адабиётлар ташкил этган бўлса, қолган манбалар Президент асарлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Таълим тўғрисида» ҳамда «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунларни қамраб олди.
Натижада Сирдарё вилоятидан 11 нафар педагог республика танлови ғолиблари қаторидан жой олди. Улар орасида Ширин шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Сайёра Бердиёрова ҳам бор.
— Ростини айтсам, уч босқичли синовлар давомида фаолиятим ва шахсий ривожланишим бўйича юқори баҳоларга сазовор бўлганим кейинги синовларда менга катта ишонч берди. Аммо «Йил ўқитувчиси» бўла олармиканман деган савол ҳамиша хаёлимда бўлди. Натижа эълон қилинганда эса аввал бироз ишонмадим. Кейин ҳаяжон ва қувончни ҳис қилдим.
Бу ютуқни фақат ўзимники деб ҳисобламайман. Мени қўллаб-қувватлаган яқинларим, устозларим ва касбдошларимнинг ҳам ҳиссаси бор. Бундай эътироф, аввало, биз, ўқитувчиларга янада яхши ишлаш, ўз устимизда ишлаш ва янги натижаларга интилиш учун куч беради, — дейди Сайёра Бердиёрова.
«Йил ўқитувчиси» танловининг илк бор ўтказилиши педагогларнинг касбий маҳоратини намоён этиш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва меҳнатини рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Сирдарёлик 11 нафар педагогнинг республика миқёсида ғолиблар сафидан ўрин олгани вилоятда таълим соҳасида меҳнат қилаётган устозларнинг касбий салоҳияти ва изланишлари самарасини намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири