1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди
Наманган вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳамда Мингбулоқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан аҳоли мурожаатлари асосида коммунал хизматлар соҳасида ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида қиш мавсумида амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган тўловлар мавжудлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атрофлича кўриб чиқилиб, муаммолар ижобий ҳал этилди.
Жумладан, Мингбулоқ туманида 11 минг 253 нафар абонент бўйича ҳисобланган 1 миллиард 57 миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорликни ундириш бекор қилиниб, маблағлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Шу билан бирга, вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрганишлар давом эттирилмоқда. Аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, асоссиз ҳисоб-китобларни бартараф этиш юзасидан тегишли амалий чоралар кўрилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу каби ишлар фуқароларнинг мурожаатлари асосида, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил амалга оширилмоқда.
ЎзА