Зулфия номидаги Давлат мукофоти юртимиз қизларини янгидан-янги ижодий-маърифий ютуқлар сари илҳомлантирмоқда.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Зулфия номидаги Давлат мукофоти Комиссия аъзолари ҳамда экспертлари томонидан 2026 йилги мазкур мукофотга тавсия этилган қизларни баҳолаш танлови ташкил этилди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратиш, ижтимоий ҳаётда фаоллик кўрсатаётган хотин-қизларни муносиб рағбатлантириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, иқтидорли ва фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови ўтган йиллар давомида фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти йўналишларида юзлаб ёш иқтидор соҳибаларини кашф этди.
Мазкур мукофот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий этилган.
2017 йилгача ушбу мукофот билан ҳар бир ҳудуддан 1 нафардан – жами 14 нафар ўн тўрт ёшга тўлган ва 22 ёшдан ошмаган иқтидорли аёл-қизлар тақдирланган бўлса, 2018 йилдан иқтидорли қизлар сафини кенгайтириш, уларнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан жами 28 нафар иқтидорли қизлар тақдирланмоқда ва ёш чегараси 22 ёшдан 30 ёшгача узайтирилган.
2024 йилда мазкур мукофот билан тақдирлаш жараёнлари янада такомиллаштирилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 7 февралдаги тегишли фармони билан хотин-қизлар ўртасида рақамли кўникмаларни шакллантириш, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги, шу жумладан IT-хизматларни кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишдаги улушини ошириш, ахборот технологиялари йўналишида алоҳида ютуқларга эришган иқтидорли қизларнинг муносиб тақдирлаб борилишини йўлга қўйиш мақсадида ахборот технологиялари йўналиши 8-йўналиш сифатида киритилди.
2025 йилда илк бор ахборот технологиялари йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари ҳам тақдирланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 ноябрдаги тегишли қарори билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди. Хусусан, мазкур қарор билан Зулфия номидаги Давлат мукофотига талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти талабгорларини танлаш, уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тартиби ҳамда йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишларини баҳолаш мезонлари белгиланди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг таъкидлашича, Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгандан буён шу кунга қадар ушбу мукофот билан жами 480 нафар ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизлар тақдирланган бўлиб, уларнинг 105 нафари адабиёт, 92 нафари санъат, 83 нафари маданият, 64 нафари таълим, 61 нафари фан, 30 нафари спорт ва 14 нафари жамоатчилик йўналишларида мукофот соҳибаси бўлган.
Таъсис этилганига чорак аср бўлган мазкур мукофот соҳибаларининг бугунги кундаги фаолияти, ютуқлари ҳам салмоқли. Биргина спорт йўналишида мазкур мукофот соҳиби бўлган Диёра Келдиёрова 2024 йилда ўтган Париждаги XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални, Светлана Осипова кумуш медални қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очди. Шунингдек, яна кўплаб хотин-қизларимиз Осиё, жаҳон ва бошқа нуфузли халқаро мусобақа ва танловлар ғолиблари ҳисобланади.
Бугунги кунда совриндорларнинг 20 нафардан ортиғи турли вазирлик, идора ва ташкилотларда раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлар, таълим ва тиббиёт соҳасида эса 100 нафарга яқин, бошқа соҳа ва тармоқларда эса 70 нафардан ортиқни ташкил этмоқда.
Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган опа-сингилларимиз сафида маҳаллий Кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам борлиги барчамизни қувонтиради.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва бошқа соҳалардаги энг нуфузли арбоблар, ижодий уюшмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, таълим, маданият ва спорт муассасаларининг таниқли вакилларидан иборат таркибда Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси фаолият олиб боради.
Мазкур комиссия зиммасига Комиссияга Зулфия номидаги Давлат мукофотини олиш бўйича таклифларни ушбу мукофот тўғрисидаги Низомга қатъий мувофиқ ҳолда кўриб чиқиш, Давлат мукофотига тавсия этилган талабгорларнинг фаолияти, асарларининг жамоатчилик томонидан кенг ва ошкора муҳокама қилинишини ташкил этиш, уларнинг жамоатчилик ва мутахассислар томонидан холисона баҳоланишига кўмаклашиш вазифаси юклатилган.
[gallery-27172]
Зулфия номидаги Давлат мукофотига саралашнинг қуйи босқичларидан муваффақиятли ўтган 370 нафар хотин-қизларимизнинг ҳужжатлари Республика комиссиясига келиб тушган.
Хусусан, фан йўналишида 58 та, таълим йўналишида 43 та, адабиёт йўналишида 44 та, санъат йўналишида 58 та, спорт йўналишида 47 та, жамоатчилик фаолияти йўналишида 39 та, маданият йўналишида 29 та, ахборот технологиялари йўналишида 24 та ҳужжат қабул қилинди.
Н.Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари