English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Зулфияхоним издошлари” тадбирлари ҳамда “Тўмарис издошлари” танлови ўтказилади
12:28 / 2024-10-19

Юртимизда баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологияларини ривожлантириш ва жамоатчилик фаолиятидаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқоди юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида барча туман ва шаҳарларда “Зулфияхоним издошлари” номли тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларни ташкил этишдан мақсад Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб номзодларни излаб топишдир.  

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг маълум қилишича, танловнинг туман-шаҳар босқичлари 30 октябргача, ҳудудий босқичлари 5 ноябрдан 20 ноябргача бўлиб ўтади. Ҳужжатлар туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлимлари қошидаги комиссияга тақдим этилади.  

Таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик ва ахборот технологиялари йўналишларида ютуқларга эришган, республика ва халқаро миқёсида ўтказилган нуфузли танловлар, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган иқтидорли ва истеъдодли 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган қизлар ушбу жараёнларда иштирок этиши мумкин.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган ҳамда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида “Тўмарис издошлари” миллий танловини ўтказиш белгиланган. Бугунга қадар танлов Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Божхона қўмитасида босқичма-босқич ўтказилди ҳамда ғолиблар аниқланди.  

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар ўртасида жамоалар шакллантирилиб, “Тўмарис издошлари” номли миллий танлови ўтказилиши белгиланган. Ушбу танлов умумтаълим мактабларидаги юқори синф ўқувчи қизлари ўртасида ҳам ўтказилади.  Танлов доирасида учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил этилади.  

“Тўмарис издошлари” миллий танловининг асосий мақсади ёшларда тарихимиз, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларга чуқур ҳурмат ва эҳтиромни юксалтириш, доимо юрт учун қайғуриш, садоқат, вафодорлик, юксак ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, ҳаётда доимо ғалабага интилиш ва юксак ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ҳамда қатъият, ирода ва шукроналик, ўз Ватанига ва илм-фанга бўлган меҳр-садоқат ҳиссини оширишдан иборат.  

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА