Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зулфия Туйева: “Патронаж хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш зарур”
07:23 / 2022-06-17

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди.

“Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” деган эзгу тамойил ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тўла татбиқ этилиб, кўп соҳаларда, жумладан, тиббиёт тизимида ҳам бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Президентимизнинг “Тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак” деган сўзлари соҳадаги ислоҳотларни бутунлай янги босқичга олиб чиқди. 2022 йил 18 март куни Давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқот тиббиёт тизимида сўнгги беш йилда амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди. Чунки тадбирда юқори малакали тиббий кадрлар салоҳияти ва сонини ошириш, чекка ҳудудларда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш, педиатрия ва ихтисослаштирилган клиникалар тармоғини кенгайтириш, кам таъминланган оилаларни тиббий қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш, соҳадаги коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама этилди. Соҳада амалга оширилиши зарур бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Бухоро вилояти ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши вакилларидан тузилган Ишчи гуруҳ томонидан жойлардаги тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганилди.

– Бухоро тумани тиббиёт бирлашмасида яхши тажриба бор экан, – дейди Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Зулфия Туйева. – Жумладан, тиббиёт бирлашмаси ичида ички ордер ташкил қилинган. Мазкур ордерни олган беморлар бирлашмада бепул даволанади. Барча дори-дармон ва жарроҳлик амалиёти бирлашма томонидан қопланади. Туман тиббиёт бирлашмасидаги иккита “Дамас” автомашинаси беморлар хизматида. Яъни жарроҳлик амалиёти ўтказилган, қўл оёғи синган беморларни уйига этиб қўйиш хизмати йўлга қўйилган. Оилавий тиббий кўрик таклифномаси ҳам ташкил қилинган. Унга эга бўлган оила тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтказилади. Аниқланган касалликлар бўйича даволанишга йўлланма берилади.

Ўрганишлар давомида жойларда бирламчи тиббий-санитария хизмати сифатини тубдан яхшилаш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида бир қатор камчиликлар ҳам борлиги аниқланган. Жумладан, вилоятдаги оилавий поликлиникаларнинг моддий техника база талабга жавоб бермайди. Мавжуд жиҳозлар маънан эскирган.

Соҳа мутасаддиларининг таъкидлашича, вилоятда

0,25 ва 0,5 штат бирлигида ишловчи ўрта тиббиёт ходимлари масаласи ҳам муаммолардан биридир. Бугунги кунда вилоятда бир нафар ҳамшира ўртача 0,7 ҳиссада фаолият олиб бормоқда. Бироқ, тиббиёт техникумлари ва коллежлари томонидан режасиз равишда ўрта тиббиёт ходимларининг ўқитилиши, амалий тиббиёт олдида уларни иш билан таъминлаш муаммосини келтириб чиқармоқда. Энг кўп муаммоли масалалар бирламчи тиббий-санитариянинг бош бўғини ҳисобланган патронаж хизмати фаолиятида учрамоқда. Уларга 2017 йилда берилган патронаж сумкалари ўз хизматини ўтаб, маънан эскирган. Шунингдек, жойларда аҳоли орасида олиб борилган ўрганишларда улар ўз маҳаллаларига бириктирилган патронаж ходимининг кимлигини билмаслиги, аҳоли хонадонларига келмаганлигини айтишган.

– Патронаж ҳамшираси нафақат касал бўлган ва ҳомиладор аёлларни бориб кўриши, балки, бошқа хонадонларига ҳам кириб фуқаролар соғлигини назорат қилиши, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиши, ҳудудларда аниқланаётган касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиб бориши керак, – дейди депутат Зулфия Туйева. – Яна бир кўриб чиқилиши лозим бўлган муҳим масала бор. Бу ҳам бўлса давлат тиббиёт муассасалари олдида жойлашган хусусий тиббиёт клиникалари масаласи. Давлат тиббиёт муассасаларида ишловчи ходимлар ушбу муассаса ҳудудида ёки яқин ҳудудлардан ўзларига хусусий клиникалар очиб олган. Айрим шифокорлар иш вақтида ҳам хусусий клиникаларда беморларни қабул қилмоқда. Ҳам давлатдан ойлик маош, ҳам беморларга тиббий хизмат учун пуллик хизмат кўрсатмоқда. Бу эса аҳоли орасида турли норозиликларни келтириб чиқармоқда.Тўғри машаққат билан орттирилган билим эвазига малакали бўлган ҳар бир тиббиёт ходими меҳнати ва билимига мос равишда даромад топишга, фаровон яшашга ҳақли албатта. Бироқ, давлат тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат бепул, давлат маблағлари белгиланган аниқ мақсадлар йўлида ишлатилиши керак.

Бухоро шаҳридаги 9 - оилавий поликлиника Алпомиш кўчаси, 5-Б-уйда жойлашган 1973 йилда қурилган ётоқхонанинг I-, II- ва III-қаватларида мослаштирилган бинода 2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Бинонинг 1-қаватида 3 та дорихона, зарарсизлантириш бўлими, ишонч хонаси, ички ишлар бўлимига қарашли кўникма маркази ва поликлиниканинг лаборатория бўлими жойлашган. Ётоқхонанинг 4-қавати кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига уй қилиб берилган. Поликлиника билан ётоқхонанинг кириш эшиги битта бўлиб, поликлиникага мурожаат этадиган аҳоли билан ётоқхонага кириб чиқувчи аҳоли кириш зинасида тирбандликка учрамоқда. 50 йил давомида бирор марта ҳам таъмирланмаган бу бино на аҳоли яшаш жойига, на поликлиника талабларига жавоб беради.

Ушбу поликлиникани кўчириш ёки мутлақо янги бино қуриш зарур. Чунки бундай шароитда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб бўлмайди.

Ўрганишлар давомида Бухоро шаҳар туғруқ мажмуасида оналар ўлимининг ортиб бораётгани маълум бўлган. Бунинг олдини олиш учун тезкор чоралар кўрилиши зарур. Оналар ўлими битта бўлса ҳам кўп. Оналар ўлимининг олдини олиш борасида кўп ишлар қилинаётган бир пайтда бу рақамларни санаш биз учун жуда оғир. Гўдаклар ўлими кўрсаткичи 2021 йилда ўсиш тенденциясига эга бўлиб, 350 тани ташкил қилган. Жорий йил биринчи чорагида 67 тани ташкил қилган.

Ғиждувон тумани тиббиёт бирлашмасида олиб борилган ўрганишлар давомида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишдаражаси жуда қониқарсизлиги аниқланган. Тиббий хизмат пуллик ҳамда бепул турлари белгиланиб муассасанинг кўринадиган жойларига осиб қўйилмаган. Туман марказий поликлинкасида ишлаётган тор мутахассисларнинг иш вақти ёзиб қўйилмаган. Айрим ходимлар иш вақти ўз ўрнида йўқ. Ўрта тиббий ходимлар иш графигида 8-00 дан 20-00 гача иш вақти белгиланмаган ва ташкил этилмаган.

Когон шаҳар кўп тармоқли поликлиникаси ҳисобида битта Дамас автомашинаси бор. 62 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган тез тиббий ёрдам машинаси жуда таъмирталаб аҳволда. Албатта ишчи гуруҳнинг ўрганиш маълумотномасида келтирилган кўплаб камчиликларни санаб ўтишимиз мумкин. Келтирилган мисоллар биргина ўрганиш куни давомида аниқланган камчиликлар холос. Лекин бир кунлик камчилик, кун, ҳафта, ой, йилларга ўтиб бориб, тўпланиб тизимни аянчли аҳволга олиб келиши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, тегишли масъул раҳбарлар иштирокида мазкур масала танқидий кўриб чиқилди. Ҳудудларда амалга оширилиши зарур бўлган масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгиланиб, унинг бажарилиши назоратга олинди.

Зариф Комилов,

ЎзА