Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зулфия таваллудига 110 йил тўлди
10:11 / 2025-03-01

Ватанимиз тарихидаги 1 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1405 йил (бундан 620 йил олдин) – отаси Амир Темурнинг вафот этгани ҳақидаги хабарни олган йигирма саккиз ёшли темурийзода Шохруҳ Хуросон ўлкасида ўз номига хутба ўқиттириб, танга зарб этишни бошлади. У Хуросон муҳофазаси учун айрим бекларни тайинлаб, ўзи Ҳиротдан Мовароуннаҳрга отланди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ўрта асрларда хутбанинг мухим сиёсий аҳамияти бўлган. Хутбада ҳукмдор исмининг ёдга олиниши ҳукмдорнинг мустакил эканлигининг асосий ташқи белгиларидан бири ҳисобланган.

1871 йил (бундан 154 йил олдин) – Қўқон хонининг акаси Султон Муродбек Худоёрхон шарафига пойга уюштирди. Тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобековнинг “Туркестанские ведомости” газетасига таяниб ёзишича, ғолиблар учун совринлар, хусусан, биринчи соврин жуда кўп эди.

У бир ғулом, бир чўри, 129 сўм турадиган 1 тa катта ёмби, 1 та чодир, 1 та араб гилами, 2 та қипчоқ гилами, 3 та кўрпа, 2 та чинни лаганча, 9 та косача, 2 та от олтинли жиҳоз ва кумуш ҳал билан қопланиб тикилган ёпиқ (жули), 2 та туя, 2 боғлам тўн (чопон), 25 та ҳар хил нарсалар: қумғон (чойнаклар), патнислар, лаганчалар, қозонлар ва бошқалардан иборат бўлган. Охирги, яъни кирқинчи соврин учта тўн (ип аралаш шойи ва олача беқасам), 1 та қўй, 1 та эчкидаи иборат бўлган.

1900 йил (бундан 125 йил олдин) – давлат ва сиёсат арбоби Усмон Юсупов таваллуд топди (вафоти 1966 йил). У 1937 – 1950 йилларда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, 1953 – 1955 йилларда эса Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси бўлиб ишлаган. Усмон Юсупов республикага раҳбар бўлган йилларда Ўзбекистонда халқ ҳашари йўли билан йирик сув иншоотлари қурилган. Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакат ғарбидан кўчириб келтирилган корхоналарни ишга тушириш, янгиларини қуриш, фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак билан мунтазам таъминлаш, ўзбекистонликларни фашизмга қарши курашга сафарбар қилиш, уруш туфайли уйжой ва бошпанасиз қолган аҳоли ҳамда етим қолган болаларга меҳрибонлик ва инсонпарварлик қилишда Усмон Юсупов бош-қош бўлган. У ўз сиёсий фаолияти даврида имконият доирасида Ўзбекистон халқи манфаатларини ҳимоя қилишга интилган бўлишига қарамай оммавий қатағон сиёсатида Марказ фармойишларини бажаришга мажбур бўлган.

1915 йил (бундан 110 йил олдин) – ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова таваллуд топди (вафоти 1996 йил). Унинг “Ҳаёт варақлари” номли илк тўплами ўн етти ёшида нашр этилди. У 1950 – 1953 йилларда “Ўзбекистон хотин-қизлари” (ҳозирги “Саодат”) журналида бўлим бошлиғи, 1953 – 1985 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади. У ўттиздан зиёд шеърий ва насрий китоблар муаллифи. Бадиий ижод соҳасидаги хизматлари учун Давлат мукофоти, 1968 йил Жавоҳарлаъл Неру номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди. Тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун эса 1970 йилда халқаро “Нилуфар” мукофотига сазовор бўлди.

Мустақиллик йилларида ибратли ҳаёт кечирган, кенг ижтимоий фаолият олиб борган шоира Зулфия бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббати, олийжаноб инсоний фазилатлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришдаги хизматлари учун юксак ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз таракқиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб 1999 йили Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этди.

1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистон республикаси Халқ маорифи комиссарлиги коллегиясининг қарори билан Тошкентда ўқитувчилар тайёрлаш бўйича олти ойлик курслар очилди.

1975 йил (бундан 50 йил олдин) – Янгийўлда Усмон Юсуповнинг уй-музейи очилди. Янгийўл шаҳрининг марказидаги Боғ кўчаси 6-уйда жойлашган бир гектар ер майдонига эга ушбу музейнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон ҳукумати, Фанлар академиясининг президиуми аъзолари, Янгийўл шаҳри раҳбарлари, маориф ва маданият ходимлари, Усмон Юсуповнинг қариндошлари, дўстлари ва сафдошлари иштирок этишди. Уй-музей иккита бино ва учта бўлимдан иборат бўлиб, асосий бино – мемориал комплексдан иборат олтита хонада 500 дан ортиқ экспонатлар жойлашган. Айни пайтда музей фондида тўрт мингга яқин ноёб буюмлар сақланмоқда. 

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – “Ўзбекистон почтаси” давлат концерни ташкил этилди. У 1997 йилдан давлат акциядорлик компанияси; 2004 йилдан очиқ акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Республикасининг миллий оператори бўлди. 

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.

1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон тарихи музейи ашёлари ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан, Ўзбекистон тарихи музейининг Охунбобоев кўчаси 15-уйдаги омборхонада жойлашган тарихий ашёлари Шароф Рашидов кўчаси 3-уйдаги янги бинога кўчирилди.

1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Фарғона вилояти ҳокимининг вилоят ҳудудида мумтоз шоир Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг “Саёҳатнома” асаридаги манзилгоҳлар бўйлаб илмий-адабий экспедиция ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Тарихчи Қобулжон Акбаровнинг қайд этишича, қарор асосида ташкилланган экспедиция 3 кун давом этди. 

Унинг аъзолари Муқимийнинг “Саёҳатнома”сида тасвирланган шаҳар ва қишлоқларда бўлишиб, унинг бугунги кундаги қиёфаси, халқнинг ўз юртдошига бўлган эҳтироминннг гувоҳи бўлдилар. Қўқон, Яйпан, Бағдод, Риштон, Олтиариқ, Чимён, Водил ва Шоҳимардоннинг обод гўшаларида адабий давралар қурилди. Муқимий ижодининг ҳали кашф этилмаган қирралари, янги топилган ғазаллари ҳақида адабиётшунос олимлар билан баҳс-мунозаралар, шоирлар ўртасида мушоиралар ўтказилди.

2011 йил (бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкeнт шаҳрида халқаро даражадаги мeҳмонхона қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Заргарлик саноатини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади