Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зулфия мукофоти соҳибаси — ёшлар устози
11:44 / 2026-02-16

Зулфияхоним издошлари

2015 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган, юртимизнинг энг фаол хотин-қизлари сафидан ўрин олган самарқандлик Рухшона Иргашева бугунги кунда бадиий гимнастика бўйича Самарқанд олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида мураббий сифатида фаолият юритмоқда.

Беш ёшидан спортнинг бадиий гимнастика тури билан шуғулланишни бошлаган Рухшона фаолияти давомида мамлакат ва халқаро миқёсдаги қатор мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз миллий терма жамоаси аъзолигига қабул қилинган. Терма жамоа сафида халқаро гран-при мусобақаларида ишончли иштирок этгани сабабли 17 ёшидаёқ Зулфияхоним қизлари сафидан жой олган.

[gallery-27675]

— Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш қанчалик шарафли бўлса, унинг масъулияти ҳам шунчалик залворли экан, - дейди Рухшона Иргашева. — Ўша вақтларда фақат машғулотларни ўз вақтида бажариш ва кўзланган марраларни забт этишни ўйлардим. Мукофотни қўлга киритгач эса, унга муносиб бўлиш масъулиятини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Шу боис спорт билан бир қаторда таълим олишга ҳам жиддий эътибор қаратдим. Берилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг инглиз тили филологияси факультетида таҳсил олдим. Бироқ спортга бўлган меҳрим устун келиб, ўн йилдан буён бадиий гимнастика бўйича мураббийлик қилиб келмоқдаман.

Икки нафар фарзанд тарбияси ва рўзғор ташвишлари билан бирга мураббийлик фаолиятини самарали олиб бораётган Рухшона Иргашевадан спорт сирларини ўрганаётган ёш қизлар ҳам секин-аста катта ютуқларга эришмоқда. Ўтган йили ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида унинг шогирдлари иккинчи ўринни қўлга киритди. Айни пайтда улар “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақасига тайёргарлик кўрмоқда.

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА