1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Атоқли шоира, миллий адабиётимиз, маънавиятимиз, китобхонликнинг энг фаол тарғиботчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова доимо халқимиз, оддий одамлар, айниқса ёшлар орасида.
Шу сабабли Зулфия опа одамларнинг кайфияти, руҳиятини, ўй-ташвишлари, фикри, орзу-армонларини яхши билади. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мурабийлар куни арафасида халқимизнинг ардоқли шоирасига бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.
– Зулфия опа, ҳар бир инсоннинг, айниқса, ижодкорларнинг ҳаётида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс. Сизнинг ижодий камолотингизда устозларнинг ўрни қандай бўлган?
– Мен бахтли шогирдлик тақдирига эга одамман. Бошланғич синфга ўқишга борганимда менга Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги 9 - умумтаълим мактабининг энг тажрибали, билимли ва обрўли ўқитувчиси Абдулла Шерназаровнинг ўқувчиси бўлиш насиб этди. У киши менинг қўлларимдан тутиб ёзишни ўргатди. Ёнимда сабр билан туриб ўқишни ўргатди. Биз уни муаллим дер эдик.
Муаллим бизга оламу одамизодга ҳурмат билан қарашни ўргатди. Мени биринчи бўлиб мана шу муаллим шоир деб тан олди. Юрагимга қанот бахш этди. Мактаб партасида ёзган, ўхшаган ва ўхшамаган шеърларимни туман газетасига юборган ҳам шу муаллимимдир.
Ўқувчилик давримда унинг ишончига сазовор бўлишга тиришдим. Юқори синфга ўтганимда ҳам Ўзбекистон Миллий университети (илгариги ТошДУ) талабаси бўлганимда ҳам доим унинг ишончига лойиқ бўлишга ҳаракат қилдим. Қаерда бўлмай, унинг олдида ҳисобот бердим. Мен ўқишни битириб, “Саодат” журналида иш бошлаганимда муаллимим вафот этди. Мен учун осмон ағдарилган эди. Гўё мени суяб турган улкан қояни йўқотдим.
Тақдир мени яна улуғ устозлар билан сийлади. Ўзбекистон халқ шоирлари: Зулфия Исроилова, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиевалардан адабиёт ва ҳаёт сабоқларини олдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Эътибор Охунова, Турсуной Содиқовалардан эл билан тиллашишни ўргандим. Улуғ устозлар, Ўзбекистон халқ шоирлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжонларнинг шеърларидан илҳомландим. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим мени “тус шогирдим” деганидан бахтлиман. Бу гўёки “туз шогирдим” дегандек ғурур бағишлайди менга.
Адабиётда деҳқондек, қоронғуда пешонасига кичик ёритгични тақиб, нафаси тиқилиб, кўзи нурсизланиб, ҳар лаҳзада тупроқ остида қолиши мумкинлигини билса-да, жонини тикиб ишлаётган шахтёрдек хизмат қилишни, оқ қоғозга содиқликни устозлардан ўргандим ва ўрганмоқдаман.
– “Ватан” ва “адабиёт” тушунчаларини бир-бирига қандай боғлаган бўлар эдингиз?
– Мен учун энг муқаддас сўз “Она Ватан” сўзидир. Шоир бўлганим учун “Она Ватан” деган сўзларнинг ёнида “Адабиёт” деган сўзни кўраман. Шу боис, сўз санъати бизда “Ватан адабиёти”, деб аталади.
– Ижодкорга нима илҳом, куч-қувват беради, сизнингча? Ёзганларингиздан кўнглингиз тўлмаган пайтларингиз ҳам бўлганми?
– Ўзбекистонимнинг ҳар бир куни илҳомбахш. Олимлар, зиёлилар, жаҳонга машҳурлар билан суҳбатлашсам, бир бошқача илҳомланаман. Улар билан суҳбат гўё муҳташам қасрлар билан суҳбатлашгандек масъулиятли ва шу билан илҳомли. Улар билан суҳбатга алоҳида тайёрланаман. Аммо, оддий одамлар, қишлоқ аёллари билан, масалан чўпон, сартарош, пиллакор, уста, фермер, новвой, наққошлар билан суҳбатлашсам, енгиллашаман, тайёргарликсиз ёзаман. Мен қишлоқ ўқитувчилари, нуронийлари, қишлоқ мактаби ўқувчилари, косиблар, тракторчилар билан соатлаб суҳбатлашсам қувватланаман. Ёзолмай қолсам, қишлоққа бораман. Бу руҳий боғлиқликни тушунтириб беролмайман.
– Зулфия опа, ёш ижодкорлар билан доимий мулоқотдасиз. Жумладан, ёш ижодкорларнинг Зомин республика семинарида ёшлар ижодини мунтазам таҳлил этиб борасиз. Уларнинг ижоди хусусида фикрингиз қандай?
– Адабиётга кириб келаётган ёш ижодкорларнинг, айниқса Зомин семинарининг саралаш босқичида ва Зомин семинарида қатнашган ижодкор ёшлар билан яқиндан танишганимда уларнинг интилишлари, изланишлари мени мамнун қилади. Уларда имкониятлар жуда катта. Семинар кунларида ҳам, бошқа пайтлар ҳам улар учун доим очиқмиз. Биз жуда тортинчоқ эдик. Ҳозирги ёшлар ундай эмас, катта ижодкорлар билан ҳам ўртоғидек гаплашади. Уларга ҳайиқмай саволлар беришади. Буни яхши томонлари кўп, албатта. Марҳамат, ёшларнинг олдидан адабиётдек улкан дарёлар оқиб ўтаяпти. Улардан ўрганиш керак. Мен устозларимдан олган сабоқларимни ҳеч бир китоб ёки кинодан ололмадим. Ёшларга маслаҳатим: устозлардан ўрганинг! Уларни борлигида қадрланг!
Устоз ҳам Ватан кабидир. У ҳам Яратган эгам томонидан бизга узатилган дарё. Бу дарёдан қанча сув ичиш ўзимизга боғлиқ. Чунки бу дарё сувини ҳеч кимдан қизғонмайди. Мен учун улуғ устозларим ҳамиша барҳаёт. Улар мени осмонларда кузатиб туради. Мен уларнинг олдида ҳамиша ҳисоб бераман.
– Самимий суҳбат учун ташаккур, Зулфия опа!
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.