1 март – атоқли шоира Зулфия таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова таваллудининг 111 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси асосида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Гулчеҳра Шарипова, Бухоро давлат университети профессори Дилрабо Қувватова шоира Зулфия ҳаёти ва ижоди, унинг ўзбек маданияти тарихида тутган юксак ўрни ҳақида сўзлади. Зулфия нафақат адабиёт майдонида, балки жамоатчилик фаолиятида ҳам фаол бўлиб, жамиятда аёллар мавқеини юксалтириш, маънавиятни ривожлантириш йўлида фидокорона хизмат қилган.

У ўзининг ибратли ҳаёти, фаол фуқаролик позицияси, Ватанга садоқати ва юксак инсоний фазилатлари билан кўплаб авлодларга маънавий намуна бўлиб келмоқда. Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари Гулнора Тўхтамишова ва Гулзода Ғайратова атоқли шоиранинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида таъсис этилган давлат мукофотининг жамиятдаги аҳамияти, мукофот истеъдодли ёшларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутаётгани ҳақида гапирдилар. Тадбирда Зулфияхоним ижодига мансуб шеърлар ўқилди, шоира шеърлари асосидаги қўшиқлар янгради.
Зариф Комилов, ЎзА