Ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини мустаҳкамлаш, уларни мустақил фикрлаш доирасини кенгайтириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, энг муҳими Ватанга муҳаббатини шакллантиришда адабиёт ва китобга ошнолик муҳим аҳамиятга эга.
Айни шу мақсадда Наманганда Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Зукко китобхон” Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ҳам юзлаб ўғил-қизларни бўш вақтини бадиий адабиётлар мутолаасига ажратаётганлигини амалда кўрсатди.
“Ёшлар маркази”да бўлиб ўтган вилоят танловида саралаш босқичларида ғолиб чиққан 84 нафар ёш китобхонлик салоҳиятини кўрсатди. Танлов низомига кўра, вилоят босқичи қатнашчиларига белгиланган вақт оралиғида жавоб қайтариш учун 20 тадан савол йўлланди.
[gallery-12189]
Косонсой тумани жамоаси "Зукко китобхон" ғолиби бўлди. Норин тумани ёшлари фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, мингбулоқликлар учинчи ўринни эгаллади. Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА