Тошкент вилояти ҳокимлигида Зойир Мирзаев раислигида йиғилиш ўтказилди. Унда аномал об-ҳаво шароитида фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари ва саноат корхоналарига ёрдам кўрсатиш, бозорлардаги нарх-навони сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда таълимга оид масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, жойларда туну-кун ишловчи махсус штаблар ташкил этиш, айни шу мақсадда вилоят иқтисод блокини тўла сафарбар қилиш вазифаси берилди. Зойир Мирзаев шу муносабат билан тадбиркорларга мурожаат йўллади. Қайд этилганидек, барча даражадаги раҳбарлар ҳозирги об-ҳаво шароитида бизнесини вақтинча тўхтатган тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида тартибда иш олиб боришни бошлайди. Амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят ҳокими шахсан назорат қилади ва кунлик таҳлил юритилади, натижалар муҳокама қилинади.
– Бозорлардаги нарх-навони сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик, бу борада алоҳида назорат ўрнатиш, мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш, кун тартибидаги энг долзарб масала, – деди Зойир Мирзаев. – Шу мақсадда яна бир штаб ташкил этилади ва бунда, энг аввало, бозорлардаги мавжуд вазиятни чуқур ўрганиш, сотувчи ва харидорларга шароит яратиш назарда тутилади.
Йиғилишда мактабларда таълимни анъанавий шаклда бошлаш масаласини чуқур ўйлаб, реал вазиятлар билан ҳисоблашиб, сўнгра қарор қабул қилиш топшириғи берилди. Яъни, ҳамма мактабларда ёппасига ўқиш бошланади, деган сўзга маҳкам ёпишиб олмай, вазият тақозо қилса, шароити бўлмаса, етарли иссиқлик билан тўла таъминланмаган мактабларда таътил вақтини узайтириш айтилди.
А.Мусаев,
ЎзА